Елим идишлар бўйича келишув маъқулланди

ЖЕНЕВАДА 12 кун давом этган маслаҳатлашувлардан сўнг, 1400 нафар делегат 1989 йилда қабул қилинган Базел конвенциясига киритилган қўшимчаларни маъқуллади.
187 мамлакат вакиллари елим чиқиндиларнинг глобал экспортини тартибга солувчи келишувни қабул қилдилар. Ҳужжатда хавфли чиқиндиларни трансчегаралардан олиб ўтиш ва уларни йўқ қилиш тартибига доир янги бандлар пайдо бўлди.
Германия Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Свен Шулц ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида гапирар экан: «Базел конвенциясига экспортга доир қатъий чораларнинг киритилгани денгизларда чиқиндилар тўпланишининг олдини олиш борасида илғор қадам бўлди», – деди.
Унинг айтишича, мазкур пакт Европа Иттифоқидан ифлосланган ва муаммолар туғдирадиган елим идишларни Осиё ва Африка давлатларига экспорт қилинишини чеклашга хизмат қилади. Келишув ривожланаётган давлатларга бошқа мамлакатлардан елим чиқиндилар келтирилишини ҳам тартибга солади. Маълумотларга кўра, ҳар йили денгизларда 8 млн тоннага яқин елим чиқиндилар пайдо бўлаяпти.
Аввалроқ Европарламент депутатлари иттифоқ ҳудудида бир марта ишлатишга мўлжалланган елим идишлар ишлаб чиқаришни таъқиқловчи қонун қабул қилган эдилар.