Вилоят ҳокими марафонга бош бўлди

ДАВЛАТИМИЗ раҳбарининг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Жумладан, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан жорий йилнинг 12 май куни Бухоро шаҳрида “Мен соғлом турмуш тарафдориман” шиори остида юриш бўйича марафон ва “Бухоро” спорт мажмуасида оммавий бадантарбия ўтказилди. Марафонни вилоят ҳокими Ўктам Барноев бошқариб борди.
Шу куни эрталаб вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилот мутасаддилари ва ходимлари, таниқли эстрада хонандалари ва кино актёрлари, талабалар, умуман олганда, соғлом турмуш тарзини саломатлик асоси деб билган ҳамюртларимиз Бухоро нефть ва газ саноати коллежи ёнида жам бўлишди. Тадбирда бокс бўйича жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсовнинг иштирок этгани спорт билан шуғулланиш барча учун аҳамиятли эканлигини исботлади. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши томонидан ёш картингчиларнинг ҳам иштироки таъминланди, дейилади ҳокимлик сайти хабарида.
Ўн минг нафарга яқин марафон қатнашчилари Бухоро нефть ва газ саноати коллежидан “Бухоро” спорт мажмуасига бўлган масофани босиб ўтишди. Мажмуада эса бадантарбия машқлари ўтказилди. Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ўктам Барноев соғлом турмуш тарзининг аҳамияти хусусида сўз юритар экан, эндиликда бу каби тадбирларни кенг қамровда ва доимий тарзда равишда ўтказиб турилишини таъкидлади.
Соғлом турмуш тарзининг муҳим шартларидан бири бўлган юриш ва бадантарбия тарғиботига ҳисса қўшиш, бу борада аҳоли қизиқишини оширишда барчани фаолликка чорлади.