Ипотека кредити ҳақидаги янги фармон аҳолига нима беради?

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Президентининг 2019 йил 13 майдаги «Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Ҳужжатда таъкидланишича, Осиё тараққиёт банки томонидан (ОТБ) Ўзбекистонда бозор тамойиллари асосида узоқ муддатли барқарор ипотека молиялаштириш тизимини яратиш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ажратиш назарда тутилган.
Фармонга кўра, Молия вазирлиги томонидан бошланғич устав капитали миқдори 25 миллиард сўм бўлган акциядорлик жамияти шаклидаги Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси таъсис этилади. Ўзбекистон Республикасида 2019-2021 йилларда ипотека кредити тизимини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Ҳужжатда таъкидланишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб, мақсадли дастурлар ижроси доирасида қуйидагилар назарда тутилган янги шартларда ипотека кредитлари ажратилади:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан иштирок этувчи банкларга ажратилаётган кредит ресурслари ҳамда аҳолига берилаётган ипотека кредитлари бўйича имтиёзли даврни 1 йилгача қисқартирилади. Кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача босқичма-босқич ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.
Ипотека кредитлари фоизларини аннуитет тўловлари формуласи бўйича ҳисоблаш тартиби татбиқ этилади (ойлик тўлов асосий қарз қолдиғига ҳисобланган фоизлар бўйича тўлиқ тўловни ҳамда кредитнинг бир қисмини ўз ичига олади, бу шундай ҳисоблашни назарда тутадики, ҳар ойлик барча тўловлар кредит тўлашнинг бутун даврида бир хил бўлади).
2020 йил 1 январдан бошлаб мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи бўйича амалдаги имтиёзлар бекор қилинади.
2019 йил 1 декабрга қадар бош пудрат ташкилотлари, пудрат ташкилотлари ва субпудрат ташкилотларига, қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, қурилиш техникаси ва автотранспорти ишлаб чиқарувчи ташкилотларга, шунингдек, уларни ташишда қатнашадиган ташкилотлар, ишлар (хизмат) кўрсатиш корхоналари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, транспорт корхоналари, “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖ, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК, “Қишлоққурилиш лойиҳа” МЧЖ, “Ўзсаноатэкспорт” АЖ ҳамда “Тошкент қишлоқ қурилиш сервис” МЧЖга берилган солиқ имтиёзлари (қўшилган қиймат солиғидан ташқари), жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар бекор этилади.
Якка тартибдаги уй-жой ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати 300 миллион сўмдан ошмаган тақдирда, олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтириладиган ва солиқ солинадиган жисмоний шахслар ва улар оила аъзоларининг (бирга қарз олувчилар) жами 15 миллион сўмгача бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси солиқ даври давомида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмаслигини кўзда тутувчи тартиб ўрнатилади.
Бекор қилинаётган солиқ имтиёзлари ўрнига уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахслар ва қонун билан белгиланадиган фуқароларнинг бошқа тоифаларига ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоизларни тўлаш учун субсидиялар берилади.