Фолклор мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди

Иллюстратив сурат

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Санъат ва маданият институти билан ҳамкорликда “Фолклор, тил ва маданият масалаларини илмий ўрганишда фан ва инновациялар уйғунлиги” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Халқаро илмий анжманда Корея, Туркия, Озарбайжон, Қирғизтон, Қозоғистон республикаларидан келган хорижлик олимлар билан бир қаторда республикамиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, Фанлар академияси илмий тадқиқот институтлари илмий ходимлари, соҳаларга оид ташкилотлар мутахассислари, хорижлик олимлар, докторант ва магистрлар иштирок этди.
Илмий-амалий конференция дастурида жамланган илмий мақолалар мавзулари юртимиздаги ва хориждаги халқ оғзаки ижоди, фолклор, тил ва маданият масалаларини тадқиқ этишга бағишланган. Уларда шунингдек, санъат ва маданият олий ўқув юртлари ҳамда илмий-тадқиқот институтларида олиб борилаётган фолклор, тил ва маданият соҳаларидаги тадқиқотлар ҳақида маълумотлар берилади. Баъзи тадқиқотларда ушбу соҳаларнинг ёшлар тарбиясига ижобий таъсири, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдаги ўрни батафсил очиб берилган, дейилади академия сайтида чоп этилган хабарда.
Илмий-амалий анжуман фолклор санъати, тил ва маданиятимизнинг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида тил, фолклор, санъат ва маданиятга ҳурмат ва юксак эътибор туйғуларини кучайтириш ҳамда дунё халқлари ўртасида халқаро маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.