Германияликлар Тошкентда арзон уй-жой қурмоқчи

ТОШКЕНТ шаҳар ҳокимлигида Германиянинг Хусусий ипотека муассасалари ассоциацияси директори Кристиан Куниг билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов пойтахтда амалга оширилаётган ўзгаришлар, жумладан, қурилиш йўналишидаги ишларга тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, жорий йилда турар жойлар қурилиши ўтган йилга нисбатан анча ўсган. Хусусан, бу йил 18 мингдан ортиқ хонадонли 400 га яқин кўп қаватли уйларни барпо этиш.
Мулоқот давомида аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, Кристиан Кунигнинг таъкидлашича, уларнинг ассоциацияси айнан арзон-турар жойлар учун кредит тақдим этади. Меҳмоннинг маълум қилишича, уларда ипотека кредити асосида уй олиш тизими биздагидан тубдан фарқ қилади. Хусусан, аҳоли аввалдан уйнинг 40 ёки 50 фоиз миқдоридаги маблағни жамғаради, сўнг эса банкдан ойлик 1,5дан 3,5 фоизгача тўлови бўлган кредитни олади. Германиялик мутахассислар Ўзбекистон бўйлаб, хусусан Тошкент шаҳрида аҳоли учун ҳар жиҳатдан маъқул уйларни қуришда ҳамкорлик қилишни таклиф этишди.
Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов, аҳолини арзон турар-жойлар билан таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилганлигини таъкидлаб, тегишли соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда бу борадаги таклиф ўрганилишини маълум қилди.