Парламент биносига кирмоқчи бўлган террорчилар қўлга олинди

ТУРКИЯДА парламент биносига киришга уринган икки нафар террорчи қўлга олинди. Мамлакат ОАВда бу ҳақда тарқалган хабарларда айтилишича, бир эркак ва бир аёл парламент биносига келиб, уларни Халқ республикаси партиясидан депутат Маҳмуд Танал кутаётганини маълум қилган.
Хавфсизлик кучлари текширувдан ўтказаётган пайтда улар қаламга ўрнатилган лезвия билан таҳдид қилиб, ходимлардан бирини гаровга олишга уринганлар, бироқ тезда зарарсизлантирилган. Маълум бўлишича, қўлга олинганлар «Халқ озодлик инқилоби ҳаракати» террорчилик гуруҳига алоқадор экан.
Қайд этиш керак, мазкур террорчилик ташкилоти 2013 йилда Хатай вилоятининг Райҳонли шаҳрида қўпорувчилик ҳаракатини амалга оширгани оқибатида 53 киши ҳалок бўлган, 155 киши ярадор бўлган эди. Гуруҳ аъзоларидан айримлари Курд ишчи партияси каби террорчи ташкилотлар сафида Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.