АҚШ-Хитой савдо уруши: яна божлар жорий этилмоқда

Фото: Financial Times

ҚЎШМА ШТАТЛАР яқинда Хитой билан бўлиб ўтган савдо борасидаги натижасиз музокаралар ортидан Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбатан 200 миллиард доллар миқдорида бож жорий этилиши ҳақида маълум қилганди.
Айни пайтда мамлакат етакчисининг бу борадаги топшириғини бажариш учун юқори бож қўлланиладиган маҳсулотларнинг рўйхати тузиляпти. “Associated Press” агентлигининг хабар беришича, расмий Пекин АҚШ билан савдо урушида охиригача курашишга тайёр эканини билдирган. Жумладан, ХХР Америкадан импорт қилинадиган маҳсулотларга нисбатан 60 млрд долларлик бож жорий этилганини эълон қилди. Шу тарзда жаҳоннинг иккинчи иқтисодининг ҳукумати океан орти мамлакатининг ҳаракатига жавоб берди.
«Хитой охиригача курашади. Қароримизни ва манфаатларимизнинг ҳимоя этиш учун имкониятларимиз етарли», — деди ХХР Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиси Гэн Шуан.
АҚШ Хитойда ишлаб чиқарилган 3805 тоифадаги маҳсулотга нисбатан бож жорий этган. Бу эса президент Доналд Трамп бутун Хитой импортини бож билан қамраб олишга, шу йўл билан Пекинни “тиз чўкиш”га мажбур бўлишга ҳаракат қилаётганидан далолат бермоқда.