ЛОЧИНСИЗ 27 ЙИЛ

ЛОЧИН Озарбайжоннинг Жанубий-Ғарбий қисмида жойлашган. Шаҳар геосиёсий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга ва Озарбайжон (Тоғли Қорабоғ) билан Арманистон ўртасида бевосита йўлак вазифасини бажаради.
Лочин шаҳри 1992 йил 18 майда босиб олинган. Арман қуролли кучлари, асосан Арманистон томондан (Горус тумани) ва эгаллаб олинган Қорабоғ ҳудудидан ҳужум уюштирганлар.
Арманистон қуролли кучлари Лочин туманига бостириб киргач, аҳоли пунктларини, туман марказини тўхтовсиз артиллериядан ўққа тутган. Арман ҳарбийлари 17 майга ўтар кечаси Шуша туманининг Туршсу қишлоғи ва Арманистоннинг Горус туманидан ҳужумга ўтиб, шаҳарни босиб олади.
Лочин туманининг майдони 1835 квадрат метр бўлиб, 1930 йилдан буён Озарбайжоннинг маъмурий-ҳудудий қисми ҳисобланади. Бу ерда дунёда камёб бўлган темир дарахти ўрмони, кўплаб маъданли сувлар, кобалт, уран, симоб, олтин, темир ва рангли мармар конлари, хилма-хил доривор ўсимликлар мавжуд.
Лочин туманининг босиб олиниши Қорабоғ урушининг биринчи даврида Хўжали ва Шуша туманидан кейинги учинчи йирик йўқотиш бўлди.
Қорабоғ низоси бошланмасидан аввал, 1988 йилда Лочин тумани аҳолиси 258 минг 229 кишини ташкил этгани ҳолда, аҳолининг 90 фоизи озарбайжонлардан иборат бўлган бўлса, оккупация вақтида 63 мингдан ортиқроқ одам қолган, лочинликларнинг аксарияти 1992 йилнинг 17-18 май кунлари яшаб турган уйларидан чиқиб кетишга мажбур бўлганлар. Бу воқеалар давомида 264 киши ҳалок бўлган, 64 нафари асирга олинган, юзлаб одамлар ногирон бўлиб қолган.
Лочин туманининг босиб олиниши оқибатида 1835 квадрат километр ҳудуд, 122 та қишлоқ бой берилди, ўнлаб саноат объектлари вайрон этилди. Оккупация туфайли туманга етказилган моддий зарар миқдори 7 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.
Арман ОАВларида чоп этилган хабарлардан маълум бўлишича, охирги беш йил давомида босиб олинган Лочин туманини арманларнинг ўзлари ҳам тарк этмоқда ва бугунги кунга келиб уларнинг сони 5 мингдан ортиб кетди. Агар босиб олинган даврда, 2002-2003 йилларда туманда 13 500 нафар арман яшаган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 8 500 дан ошмайди. Улардан 2 200 нафари туман маркази Лочин шаҳрида, 6 300 нафари қишлоқларда яшамоқда. Аҳолининг ялпи кўчиб кетишига бу ерда инфраструктура, энергия таъминоти ҳамда истиқболнинг йўқлиги сабаб бўлмоқда.
Мутахассисларнинг хомаки ҳисоб-китобларига қараганда, арман қуролли кучлари Қорабоғ ерларига ва етти туманга бостириб кирганларидан сўнг 876 аҳоли пункти, 7000 га яқин саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа объектлар таланган, ёқиб юборилган. Булар қаторига умумий майдони 9 млн кв. м бўлган 153 минг тураржойни, 4366 та ижтимоий-маданий объектни, 616 та ўрта мактабни, 242 та мактабгача таълим муассасасини, 397 та касалхонани, 10 та поликлиникани, 10 та туғруқхонани, 76 та дорихонани, 4 та сиҳатгоҳни ва 10 та масжидни қўшиш мумкин. Тоғли Қорабоғ ҳудудининг ўзида ожарбайжон халқининг кўплаб ажойиб миллий қадамжолари вайрон этилган.
Хусусан, арманлар босиб олган Шушада шаҳар музейи вайрон этилган, озарбайжон халқининг миллий бойликлари таланган. 368 та маданий муассасага, 927 та кутубхонага, 85 та мусиқа мактабига, 22 та музей ва 4 та расмлар галереясига, 10 та истироҳат боғига, 6 та театр ва концерт залларига зарар етказилган.
Хонавайрон этилган 22 та музейда сақланаётган 40 мингдан ортиқ, жумладан, жаҳон аҳамиятига молик қимматликлар ва экспонатлар ўғирлаб кетилган. Бунга мисол сифатида Келбажсарой тарих-ўлкашунослик музейини келтириш мумкин. Босқинчилар музейдаги тарихий экспонатларни, олтин ва кумушдан ишланган буюмларни, камёб ва қимматбаҳо тошларни ҳамда қўлда ишланган амалий санъат намуналарини талаб кетганлар. Шушадаги шаҳар тарихи музейи, Агдамдаги Нон музейи, Загнелан туманидаги Тош ёдгорликлар музейларининг тақдири хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Таланган ва босиб олинган кутубхоналарда 4,6 млн китоб ва бебаҳо қўлёзмалар йўқ қилинган. Агдам, Лочин, Фузулий, Шуша ва бошқа туманларда 20 та замонавий санъат саройлари вайрон этилган.
Босқин оқибатида озарбайжонлик қардошларимиз ўрмон ўтлоқларининг 70 фоизидан ажралди. Сув ва гидротехника иншоотлари, темир йўллар, автоомбил йўллари ҳамда барча турдаги коммуникация тармоқлари йўқ қилинди. Агдам, Кубадлин, Зангелан, Келбажар, Лочин, Фузулий ҳамда Жаброил туманларидаги 72400 гектар экин майдонлари, 56000 гектар узумзор ва мевали боғлар истилочилар қўлида қолиб кетди. Жами бўлиб 1 млн гектарга яқин қишлоқ хўжалиги ерлари, 280 минг гектар ўрмонзор айни вақтда оккупация остида қолмоқда.