Саломатликка путур етказаётган кийимлар

ЕВРОПАЛИК мутахассисларнинг фикрига кўра, бугун сотувга чиқарилаётган кийим-кечаклар таркибида кўплаб кимёвий моддалар мавжуд ва уларнинг бир қисми ҳаво орқали инсоннинг нафас олиш аъзоларига тушмоқда. Афсусланарлиси, янги турдаги матоларнинг инсон соғлигига кўрсатадиган таъсири етарлича ўрганилмаган.
«Бугунги кийим-кечаклар тайёрланаётган материалларнинг таркиби кейинги йилларда кескин ўзгарди. Аксилбактерия хусусиятига эга бўлган, ултранурлардан ҳимоя қилувчи, сув ўтказмайдиган материаллардан фойдаланиш оммавийлашиб кетган. Бироқ, уларнинг таркибидаги кимёвий моддалар соғлигимизга салбий таъсир этмаслиги ҳақида ҳеч ким кафолат беролмайди. Чунки, бу масала ўрганилмаган, мавзуга оид маълумотлар йўқ», – дейди Лозанна федерал политехника мактаби мутахассиси Дусан Личин.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳатто кийиб юрган оддий кийимларимиз ҳам катта миқдорда зарарли моддаларни ўзида сақлайди. Мисол учун, эгнимиздаги кийимларга сигарет тутунидан қолган никотин, уй ҳайвонларидан ўтган микроблар, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ёки саноатда фойдаланиладиган хавфли моддалар ўрнашиб қолади. Тажрибадан маълум бўлишича, чекадиган одамнинг ёнида ўтирадиган чекмайдиган одамнинг кийимларидан топилган никотин қолдиқлари, кейинчалик унинг қони ва пешобида борлиги ҳам аниқланган.
Олимлар ҳозирча бу борада фикр билдирганларича йўқ. Шу боисдан мутахассислар кийим-кечак харид қилишда унга ишлатилган мато таркибига, тайёрланиш шартларига эътибор қаратиш, кийимларни табиий кир ювиш кукнлари билан тез-тез ювиб туришни маслаҳат бермоқда.