Сўқоқ ўрмони гўзал масканга айланмоқда

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан Тошкент вилоятининг сўлим ва гўзал масканларидан бири Сўқоққа пресс-тур уюштирилди. Мақсад Сўқоқ ўрмон хўжалигида юртимизга 20 майда келган 5 нафар АҚШ Ўрмон хизмати вакиллари бошчилигида ўрмон хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш эди.

АҚШ Ўрмон хизматининг Халқаро дастурлар бўлими вакили жаноб Кент Эллиотт бошчилигидаги делегация таркибидан сайёҳлик йўналишларни тайёрлаш бўйича мутахассислар Отэм Ила хоним, жаноб Жордан Берж, жаноб Захари Лоун ва жаноб Уилям Шаутис ўрин олган. Уларнинг ташрифи мақсади Сўқоқ қўриқхонасини қайта тиклашга кўмаклашиш ҳамда АҚШ Ўрмон хизмати билан Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси ўртасидаги самарали шерикчиликни янада мустаҳкамлашдан иборат. Зеро, ўрмон, энг аввало, кўп сонли тирик жонзотлар учун уй, қолаверса, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси вакилларининг ўзаро алоқасига асосланган экотизимдир. Шу сабабли, тоғ экотизими ва ноёб ландшафтларни асраш учун биринчи навбатда тоғ ўрмонларини асраш ва тиклаш муҳимдир. Ўрмон халқ хўжалигининг кўпгина соҳалари учун асос ҳисобланади. Фақат табиат ато этган неъматлардан оқилона фойдаланиш, ўрмонни мамлакатнинг туганмас манбасига айлантириш учун унга оқилона ёндашиш зарур.

Биз Сўқоқ ўрмон хўжалигига келганимизда америкалик мутахассислар иштирокида Тошкент Давлат Аграр университетининг марказий ва вилоятлардаги филиаллари талабаларидан иборат гуруҳ ҳудудни тозалаш, чакалакзорларни тозалаб йўл очиш, дам оладиган сўрилар барпо этиш, янги ниҳоллар экиш ишлари билан шуғулланаётганлари устидан чиқдик. Маҳаллий аҳолининг айтишича, кўнгилли талабалардан ташкил топган гуруҳ салкам  бир ҳафта мобайнида аҳлат уюмларига тўлиб кетган ўрмонни гўзал масканга айлантириб улгурган. Энди ҳар қадамда чиқинди ва ахлатларни ташлайдиган урналар ўрнатилган. Энг муҳими, сўқмоқ йўллар очишда америкаликлар катта тажрибага эга. Талабаларнинг айтишича, бундай амалиёт чоғида америкаликлар флора ва фауна дунёсига зиён етказмасликка, табиийликни сақлаб қолишга ҳаракат қилишади.

Лойиҳага раҳбарлик қилаётган Тошкент Давлат Аграр университети ўқитувчиси Шоҳиста Холованинг айтишича, Сўқоқ ўрмон хўжалиги ва унинг ёнидаги кўркам тоғ дараси туристлар билан бир қаторда дам олиш мақсадида табиат қўйнига чиқадиган одамлар учун ҳам севимли жой ҳисобланади. Сўқоқнинг табиий гўзаллиги мазкур ноёб ҳудуд бошига битган бало бўлиб келган. Чунки ушбу табиий ҳудуд салбий таъсирлардан жабр кўрмоқда: дарахтларнинг ноёб турлари гулханлар ва ўтин тайёрлаш учун кесиб ташланмоқда, одамлар гиёҳлар ва гулларни беаёв қирмоқда, энг ёмони ўзларидан кейин аҳлат қолдирмоқда. – Биз одамларда экологик маданиятни шакллантиришга эриша олмасак, табиатни асрашга бўлган интилишларимиз зое кетаверади, – дейди Шоҳиста Холова.

Умуман олганда, тоғ ва ўрмон экотизими инсоннинг нодонлиги ва экологик маданиятнинг йўқлигидан жабр кўрмоқда, аста-секин завол топмоқда ва вайрон бўлмоқда. Шу маънода, АҚШлик ўрмон мутахассислари иштирокида Сўқоқ ўрмон хўжалиги экотуризмини тиклашга қаратилган 31 майгача давом этадиган дастур қўриқхона ободонлигига, унинг янада чирой очишига хизмат қилади.   

“Биз америкаликлар Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг етакчи мамлакати, интеллектуал салоҳияти юқори давлати деб биламиз. ЎЗбекистон бой ва қадимий тарихга, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби бетакрор архитектура ёдгорликларига эга. Шахсан мен бир йил мобайнида мамлакатингизни айланиб чиқдим. Менга бу ердаги ўрмон ва тоғлар ҳам ёқади. Айниқса, Ургутдаги Чор Чинор, Минг Чинор ансамбллари, зиёратгоҳлари дунёда камдан-кам топилади. Ўзбеклар — Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий сингари буюк мутафаккирларнинг авлоди. Уларнинг табиатга эҳтиром, унинг сиру синоатларини англаб етишга интилиш илмий асарларида яққол ифодасини топиб, жаҳон илм-фанига беқиёс ҳисса бўлиб қўшилди.   Берунийнинг “Агар инсонлар табиатга нисбатан зўравонлик қилиб, унинг қонунларини қўполлик билан бузсалар, бир кун келиб, табиат уларнинг бошига шундай кулфатларни солиши мумкинки, буни ҳеч қандай куч қайтара олмас”, деган сўзи бугунги глобал экологик муаммоларнинг бундан минг йил олдин башорат қилинганини кўрсатади. Демак, ёш авлоднинг экологик маданиятини ошириш долзарб вазифа. Шу маънода, америкалик мутахассислар ўз лойиҳалари учун айнан талабаларни танлаганлари бежиз эмас”, – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг матбуот ишлари бўйича вакили Сусанна Вуд хоним.

 Бугун мамлакатимизда Экология фанига оид тадқиқотлар кўп йўналишлар бўйича олиб борилган бўлса-да, бироқ халқимизнинг экологик маданияти, миллий экологик анъаналари ҳанузгача чуқур ўрганилмай келинмоқда. Шу сабабли, миллий маънавиятимиз салоҳиятини акс эттирувчи ва ажралмас бир қисми бўлмиш табиат, унинг саховатини улуғлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича халқимиздаги миллий маданият, билимлар, анъаналар, тажрибалар, меросларни бир тизимга келтириб, таҳлил қилиб, улардан мустақил мамлакатимиз олдида турган долзарб экологик муаммоларни ҳал этишда фойдаланишимиз зарур. Бу келажак авлодга мусаффо табиат, ноёб табиий бойликларни аслидек мерос қилиб қолдириш билан боғлиқ эзгу ишда дастуриламал бўлиши, шубҳасиз.

Абдували Сойибназаров