МТМларда “Эколог болажон” дастури жорий этилади

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги қарори билан Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Концепциянинг мақсади ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш, экология соҳасидаги илм-фанни инновацион технологияларни жалб қилган ҳолда такомиллаштиришдан иборат.
Мактабгача таълим муассасаларида “Эколог болажон” дастури жорий этилади ва “Экологик йўлакчалар” ташкил этилади. Шунингдек, “Она табиат” мавзусида очиқ ҳавода таништирув соатлари ўтказилади.
Мактабларда “Энг яхши экологик тоза мактаб”, “Энг яхши эколог ўқувчи” кўрик танловлари ўтказилади. Лицейлар ва коллежлар ўқувчилари ўртасида “Экология билимдони” мусобақаси ташкил этилади. Олий таълим муассасалари, талабалар турар жойларида “Эко-клублар” фаолияти йўлга қўйилади.
2019 йил декабргача экология ва атроф-муҳит муҳофазасига оид зарур материаллар ва бошқа маълумотлар беришга мўлжалланган “ekologiya.uz” сайти ишга туширилади.