Мамлакатимизда Ядро тиббиёт ва радиацион терапия маркази ташкил этилади

Фото: Rehaklinik Zihlschlacht

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Фанлар академияси, Германиянинг “Integra GmbH” ва Австриянинг “Vamed Engineering GmbH” компаниялари ўртасида Тошкентда “Ядро тиббиёт ва радиацион терапия маркази”ни ташкил этиш тўғрисидаги ҳамкорлик битими имзоланди.
Ҳужжатда давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланган.
Битим Ўзбекистон Республикаси ФА Ядро физикаси институти негизида “Integra GmbH” ва “Vamed Engineering GmbH” компаниялари билан ҳамкорликда Халқаро Ядро тиббиёт ва радиацион терапия маркази ташкил этилишини назарда тутади.
Марказ ядро физикаси ва тиббиётнинг илғор технологиялари билан жиҳозланган кўп тармоқли диагностика ва даволаш муассасаси бўлиб, у саратон ва бошқа касалликларни ташхислаш ва даволашга имкон беради.
Ушбу марказ фаолияти йўлга қўйилгач, МДҲ мамлакатларида ягона протон ва радиацион даволаш технологиясига эга ягона марказ яратилади, саратон касалликларини даволаш сифати сезиларли даражада яхшиланади. Юртдошларимиздан ташқари, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон каби қўшни ва бошқа давлатларнинг фуқароларига ҳам тегишли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.