Ўтган йили соғлиқни сақлаш тизимига давлат бюджетидан 9,4 трлн сўм ажратилган

Фото: interpress.uz

2018 йилда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан 9,4 трлн. сўм ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 21,9 фоизи йўналтирилган.
Бу ҳақда кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботда қайд этилган.
Таъкидланишича, бу борада айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Жумладан, давлат бюджетидан Президент томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ижроси учун ажратилган 121,7 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилмаган. Ушбу масала депутатларнинг эътирозига сабаб бўлиш билан бирга, улар ҳудудлардаги ўрганишлари асосида, тез тиббий ёрдам хизматларини алоқа воститалари билан тўлиқ таъминлаш, фуқароларнинг ягона электрон тиббий харитасини яратиш, “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимини барча ҳудудларда қисқа муддатларда жорий қилиш ишларини якунлаш ҳам долзарб масала эканини қайд этганлар.