Ядро чиқиндилари Маршалл оролларини култепага айлантириши мумкин

Фото: Маршалл оролларидаги ядро чиқиндилари сақлагичи.

ОШКОР этилган маълумотларга кўра АҚШ 1946-1958 йиллар давомида Маршалл оролларида 67 марта ядро қуролини синовдан ўтказган. 1977 йилда эса оролда портлашдан сўнг ҳосил бўлган энг йирик кратер ядро чиқиндилари сақлагичига айлантирилган. Ҳозирги кунда ундан жаҳондаги энг заҳарли модда – ярим емирилиш даври 24100 йил бўлган плутоний-239 изотопининг Тинч океанига сизиб чиқиши хавфи ортиб бормоқда.
“Forbes” (АҚШ) журналининг доимий муаллифларидан бири, геология соҳасида докторлик даражасига сазовор бўлган Тревор Нейс қаламига мансуб мақолада айтилишича 1954 йилда Тинч океани жанубий қисмининг тропик осмонида илк марта қўзиқорин сифат булут шакли пайдо бўлган. Бу айнан Маршалл оролларида ядро қуролининг синови ортидан ҳосил бўлган ҳодиса эди. Ҳайратланарли даражада тоза бўлган ороллар табиати бундай синовлар оқибатида аянчли ҳолга келиб қолган. Энг катта ядро синови «Bravo» водород бомбаси портлатилганда қайд этилган бўлиб, унинг кучи Хиросимага ташланган ялпи ажал уруғидан минглаб марта кучли эди.
Давомли ядро синовлари туфайли ороллар юзаси юмшоқ оқ кукунни эслатувчи радиоактив кул билан қопланади. «Atomic Heritage Foundation» ташкилотининг таъкидлашича, маҳаллий болалар бу модда аслида нима эканини билишмаган ва оқ «қор» билан ўйнаган, ҳатто мазасини татиб кўрганлар!
1977 йилда Қўшма Штатлар Маршалл ороллари бўйлаб сочилиб ётган радиоактив чиқиндиларни йиғиб олишга киришади. Ҳисоб-китобларга кўра, архипелаг оролларининг барчасидан тахминан 73 минг куб метр радиоактив тупроқ йиғиб олинган. Охирги марта 1958 йилнинг май ойида Рунит оролида ўтказилган синовдан ҳосил бўлган кратер эса ядро чиқиндилари сақлагичига айлантирилади.
Ўша пайтда бунга вақтинчалик қарор сифатида киришилган. Шу боисдан, кратер ости заҳарли моддалар аввалига тупроқ қатламига, ундан Тинч океани сувларига ўтказмайдиган материал билан қопланмаган. Кратер чиқиндиларга тўлдирилгач, усти қалинлиги 46 см бўлган бетон гумбаз билан ёпилган. Доимий сақлагичлар қурилиши кўзда тутилмаганлиги сабабли, омонат сақлагич 40 йилдан буён ўша ҳолатда турибди ва кун сайин унинг хавфи ортиб боряпти.
1983 йилда Маршалл оролларини Қўшма Штатлардан ажратиш ҳақида келишув қабул қилинган ва бу билан Вашингтон ядро синовлари оқибатларини тугатиш борасидаги масъулиятдан осонлик билан қутулган.
Сув сатҳининг кўтарилиши, тупроқ қатламидаги ўзгаришлар ва доимий довуллар туфайли ядро “тобути”идан радиоактив чиқиндилар сизиб чиқиш эҳтимоли ортиб боряпти. Маҳаллий ҳокимият эса ҳимоя гумбази кучли пўртанага дош беролмаслигидан хавотирга тушган. Бундан ташқари, ерости сувларининг ҳаракатланиш модели шундан гувоҳлик бермоқдаки, денгиз сувлари яқин орада кратергача етиб боради.
Маршалл ороллари ҳукумати даҳшатли хавфнинг оқибатларини аллақачон англаб етган бўлса-да, зарурий тозалаш ишлари ва сақлагични ҳимоясини мустаҳкамлаш учун унда на пул бор, на экспертиза ўтказиш имконияти. Шундай қилиб, ожиз ҳукумат қўл қовуштириб туришдан бошқага ярагани йўқ. Унинг ядро синовлари оқибатини бартараф этиш ҳақида АҚШга қўйган талаби эса Вашингтондагиларнинг қулоғига кирмаяпти.