УЕФА Боку олимпия стадионини мукофотлади

ЕВРОПА футбол уюшмаси 2015 йилда фойдаланишга топширилган Боку олимпия стадионини ҳар йили камида битта халқаро тадбир ўтказганини эътироф этиб, уни мукофотлашга қарор қилган.
Қайд этиш керак, мазкур футбол майдони УЕФА томонидан эътироф этилган энг нуфузли стадионлардан бири саналади. Бундай шарафга муносиб топилган стадионлар қаторидан фақатгина дунёга машҳур “Алянц Арена”, “Авива”, “Камп Ноу” ва “Сантяго Бернабеу” жой олган.
Эслатиб ўтамиз, Европа чемпионлар лигасининг финал ўйини Бокуда – Олимпия стадионида 29 май куни бўлиб ўтган эди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, 2020 йилда УЕФА ташкил этилганининг 60 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган Европа чемпионати ўйинларига мезбонлик қиладиган 12 та стадион қаторидан Боку олимпия футбол майдони ҳам жой олган.
Ўрни келганда қайд этиш керакки, яқинда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ОАВ вакиллари учун ўтказган брифингда УЕФА финалини сиёсийлаштиришга уриниш бўлганини танқид қилган эди. “Мен Бокуни хавфли шаҳар, деб ҳисобламайман. Мен бу шаҳарга бажонидил боришни хоҳлайман, мен у ерга Ташқи ишлар вазирлиги ходими сифатида бир неча марта борганман, норасмий учрашувларда иштирок этганман. Охирги ўн йил давомида Озарбайжон пойтахтидаги беқиёс ўзгаришларни кўриб ҳайратланганман. Мен яна такрорлайман, менинг бажонидил боришим мумкин бўлган шаҳарлар рўйхатидан Боку ҳам жой олган”, – деган жумладан Россия ТИВ расмийси.