ПРЕЗИДЕНТДАН РАМАЗОН ТУҲФАСИ

ИНСОН ўз уйига эга бўлмагунча, чин ҳаловат нималигини билмайди. Айниқса, бир инсоннинг, бир оиланинг Тошкент шаҳрида ўз уй-жойига эга бўлиши – жуда катта воқеа. Бунинг учун бир инсон неча йиллар давомида тинмай ишлаши, рўзғоридан орттириб, маблағ жамғариши лозим. Чунки пойтахт ўз номи билан пойтахт-да. Бу ерда, табиийки, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан уй-жой нархи анчайин баланд. Боз устига шу йирик мегаполиснинг ўзида муқим бошпанали бўлишни истаганлар кўп.
Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Тошкент шаҳридан йўлланаётган мурожаатлар таҳлили ҳам, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида пойтахт аҳолиси муаммоларини ўрганиш бўйича тузилган Республика ишчи гуруҳининг 2018-2019 йиллардаги фаолияти ҳам бу ҳаёт ҳақиқатини керагича исботлаб берди. Шу маънода пойтахтимизнинг барча туманида ижтимоий уйлар барпо қилиниши, айниқса, Сирғали тумани “Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 30 гектар майдонда 3 минг 696 та хонадонни ўз ичига олган 66 та 7 қаватли замонавий уй-жой қурилиши Тошкент шаҳрида уйсизлик туфайли жуда оғир-мураккаб шароитда иложсиз кун кечириб келган юзлаб ногиронлиги бор ёки якка-ёлғиз инсонлар, сағирликнинг оғир изтиробларини бошидан ўтказган кўплаб фуқаролар, оғир ижтимоий ҳолатларга тушиб қолган хотин-қизларнинг энг бирламчи ҳаётий муаммосини ҳал қилишда ниҳоятда улкан тарихий лойиҳа бўлиш билан бирга, ҳатто энг ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам жуда кам кузатиладиган юксак инсонпарварлик намунасидир.
Бир эътибор беринг: 2019 йилнинг ўтган 5 ойи давомида Тошкент шаҳрида уй-жойга ўта муҳтож, оғир турмуш шароитидаги 300 дан ортиқ инсон доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида уй-жой билан таъминланди, яъни 300 дан зиёд оиланинг энг бирламчи ҳаётий муаммоси ҳал бўлди, ҳар лаҳза оғир тегирмон тошидек елкасида юк бўлиб келган энг катта дард-у ташвиши ариди.
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида муқаддас айём – муборак Рамазон ҳайити арафасида Тошкент шаҳридаги уй-жойга жуда муҳтож, оғир вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бор фуқаролар, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз аёллардан 450 нафарига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги илмий-текшириш институтлари ҳамда олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот олиб бораётган 50 нафар ёш олимлар оилаларига – жами 500 нафар инсонга Сирғали туманининг “Чоштепа” массивидан 1 хонали уй-жойларнинг Президент совғаси сифатида берилиши мамлакатимиздаги юксак инсонпарварлик сиёсатининг, “Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак, одамлар ислоҳотлар натижасини бугун ўз ҳаётида кўриши керак”, деган буюк ғоянинг яна бир ёрқин ҳаётий исботи бўлди. Икки кун давомида мазкур массивда 500 та оилага турар-жой билан таъминлангани ҳақидаги сертификатлар, хонадонлар калитларини топшириш маросими ўтказилиши билан Чоштепа чиндан ҳам катта тўйхонага айланди. Тонг саҳардан шом қоронғисига қадар давом этган бу байрам – эзгулик, инсонпарварлик, неча йиллик орзу-умидлар ушалганининг яна бир тантанаси бўлди.
Ҳали Ватанимиз тарихида бўлмаган воқелик – битта массивнинг ўзида 500 та уй-жойнинг Президент совғаси сифатида тақдим этилиши шиддатли тараққиётга эришишнинг, барқарор, кучли ва инсонпарвар жамият барпо этишнинг мустаҳкам замини бўлиб хизмат қилади.
ЎзА