Бухорода “Оила” маркази янги бинода иш бошлади

БУХОРО шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Бухоро вилояти бошқармасининг капитал таъмирланган янги биноси фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ўктам Барноев, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳамедова ҳамда давлат, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда таъкидланишича, Бухоро тиббиёт коллежининг фойдаланилмай келаётган биносида амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишларига маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 833 миллион сўм маблағ ажратилган. Бинода бошқарма самарали фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган, бой китоб фондига эга “Оила” кутубхонаси, ўқув заллари, тренинглар учун махсус жиҳозланган хоналар ҳамда фуқароларни қабул қилиш хонаси ташкил этилган.
Маълумотларга кўра, вилоятда 500 мингдан ортиқ оила мавжуд. Улардан 900 дан ортиғи нотинч оила ҳисобланади. Шунингдек, 1170 та ночор, 705 та оила ажралиш ёқасида турибди. Вилоят “Оила” маркази жойлардаги ана шундай оилалар билан ишлаяпти. Ўқув курсларига тажрибали психолог, социолог ва ҳуқуқшунослар, репродуктив маркази мутахассислари, имом-хатиблар ва отинойилар жалб этилган.