Иван Голуновни ҳамкасблари тақдир ҳукмига ташлаб қўйганлари йўқ

РОССИЯ Ички ишлар вазирлиги Бош бошқармасининг маълум қилишича, “Meduza” интернет-нашри журналисти Иван Голуновдан мусодара этилган гиёҳвандлик моддалари пакетида бир неча одамга мансуб ДНК намуналари топилган. Экспертиза натижаларининг бошқа тафсилотлари бугун, 11 июн куни эълон қилиниши кутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, Иван Голунов 6 июн куни Москвадаги “Цветной булвар”да ушланган. Полиция унинг ёнидан наркотик модда топган. 8 июнда унга гиёҳвандлик моддасини сотишга уриниш айби қўйилган ва суд томонидан мухбирга нисбатан 7 августга қадар уй қамоғи жазоси тайинланган.
Журналист ушлангани ҳақида унинг яқинлари эртаси куни хабар топишган. Голуновга адвокат хизмати ҳам тақдим этилмаган. Полиция унинг ёнидан ва уйидан гиёҳвандлик моддалари топилганини маълум қилган. Бундай ҳолатда, махсус амалиёт ўтказилиб, гумонланувчининг қўли ва тирноқлари остидан намуналар олиниши лозим эди. Бироқ, полиция томонидан бу иш бажарилмаган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татяна Москалкова президент Владимир Путин билан бўлган учрашувда Иван Голунов иши юзасидан ҳам ахборот берган. Давлат раҳбари, иш холис ўрганилиши ва прокуратура назоратида бўлишини таъкидлаган.
Ушбу мулоқот ортидан Москва шаҳар прокуратураси журналистга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини полициядан олиб пойтахт Тергов қўмитасига берган.
“Meduza” бош муҳаррири Иван Колпаков журналист касб фаолиятига кўра кейинги пайтда кучли босимларга учраганини маълум қилган. Журналист иғвогарона ҳаракат қурбони бўлгани Россия ва Ғарб ОАВда тез-тез таъкидланяпти. Россиялик журналистлар эса фаоллик билан ҳамкасбларини ҳимоя қиляптилар. Хусусан, мамлакатдаги етакчи нашрлардан ҳисобланган «Коммерсантъ», “РБК” ва «Ведомости» биринчи саҳифаларида «Я/Мы Иван Голунов» деган ёзув билан чоп этилган.
12 июн куни эса Москва марказида Иван Голунов озод этилишини сўраб оммавий намойиш ўтказилиши кутиляпти.