Ташқи ишлар вазирлиги матбуот анжумани ўтказди

БУГУН пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар ҳисоботига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов тадбир иштирокчиларига вазирликнинг ҳисобот давридаги фаолияти ҳақида ахборот берди.
“Бугунги кунда нафақат бизнинг минтақамиз, балки бутун дунёдаги вазият кескин равишда ўзгариб бораётган бир пайтда жамоатчиликни Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш нуқтаи назаридан бу каби тадбирлар жуда муҳим ва фойдалидир, – деди ТИВ биринчи ўринбосари ўз нутқини бошлаб. – Шу муносабат билан бугун мен сизларга қисқача равишда ўтган давр мобайнида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган асосий тадбирлар бўйича маълумот бермоқчиман.
ТИВ фаолияти ўтган давр мобайнида 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида акс эттирилган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг кўрсатма ва топшириқларини бажаришга қаратилди.
Сизларга олий даражадаги ташрифлар тўғрисида маълумот бермоқчиман.
Йил бошидан буён президент Ш.М.Мирзиёевнинг хорижий давлатларга 4 та ташрифи амалга оширилди, Ўзбекистонга эса 4 та чет эл давлатлар раҳбарларининг ташрифи бўлиб ўтди».
И.Неъматовнинг таъкидлашича, хусусан, 2019 йилнинг 18-20-январ кунлари президент Ш.М.Мирзиёев Ҳиндистонга ташриф буюриб, Бош вазир Нарендра Моди таклифига биноан «Жўшқин Гужарат-2019» IХ халқаро инвестиция саммитида иштирок этган. Саммит доирасида аниқ ва муҳим иқтисодий натижаларга эришилиб, 108,6 млн. долларлик 7 та инвестицион битим ва қиймати 72,8 млн. долларлик 8 та экспорт шартномаси тузилган.
2019 йилнинг 21-22-январ кунлари давлатимиз раҳбарининг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер, канцлер Ангела Меркел ва бошқа расмий шахслар ҳамда ишбилармон доира вакиллари билан учрашди. Музокараларда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бўйича кенг кўламли масалалар муҳокама этилди. Якунда умумий қиймати 4 млрд. евродан ортиқ бўлган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланган.
24-26 март-кунлари Ш.М.Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи чоғида кўплаб соҳаларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган, қиймати 10 млрд. доллардан зиёд икки томонлама ҳужжатлар ва инвестицион келишувлар имзоланган.
Жорий йилнинг 14-15 апрел кунлари Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг, 18-21 апрел кунлари Корея Республикаси президенти Мун Чэ Иннинг мамлакатимизга давлат ташрифлари бўлиб ўтди.
24-27 апрел кунлари президент Ш.М.Мирзиёев Пекин шаҳрида бўлиб ўтган «Бир макон – бир йўл» халқаро форумида иштирок этди.
27-29 май кунлари Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайернинг жавоб расмий ташрифи бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, қиймати 123,8 млн. евролик шартномалар имзоланди.
31-май – 2-июн кунлари Европа Кенгаши раиси Доналд Туск Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида Европа Иттифоқи Оролбўйи минтаяаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондига 5 млн. евро ажратишини маълум қилинди.
Юқорида айтиб ўтилган олий даражадаги тадбирлар доирасида 58 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Ўтган вақт мобайнида республика раҳбарияти томонидан АҚШ, Япония, Хитой, Россиядан ҳамда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва БМТ каби халқаро ташкилотлардан юқори даражадаги делегациялар қабул қилинган. 15 дан ортиқ давлат ва халқаро тузилмалар раҳбарлари билан юқори даражадаги музокаралар ўтказилди. Бундан ташқари, ҳукумат, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари даражасида 70 дан ортиқ ташрифлар амалга оширилган.
2018 йилнинг ноябридан жорий йилнинг июн ойигача бўлган даврда мамлакатимизнинг чет элдаги элчихоналари томонидан 5,25 млрд. долларлик 244 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлса, улардан қиймати 1,7 млрд. долларлик 163 та лойиҳа жорий йил мобайнида амалга оширилади.