Тошкент шаҳрида “хоспис” иши нега оқсаяпти?

Фото: interpress.uz

ОНКОЛОГИК касалликлар нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунё миқёсида мураккаб муаммоларнинг бири бўлиб келмоқда. Статистика маълумотлари сўнгги йилларда дунёнинг кўпгина мамлакатларида онкологик касалликлар билан касалланиш кўрсаткичлари ошиб бораётганлигидан далолат бермоқда. Касалликнинг сўнги босқичларида бўлган умидсиз оғир беморларга паллиатив ёрдамни (беморлар ҳолатини енгиллаштиришга, оғриқни қолдиришга, умрини узайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуини) кўрсатувчи “хоспис” бўлинмаларини ташкил этиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Мазкур масала давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги “2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайд этилган. 2018 йил 9 ноябрда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузурида соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар натижадорлигини муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам кўтарилган ва уни ҳал этишга доир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят онкология муассасалари тузилмасида паллиатив ёрдам бериш бўйича бўлимлар, шунингдек, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Урганч шаҳарларида, жами тўртта минтақалараро “хоспис” ташкил этилиши масалалари депутатлар томонидан муҳокама этилди.
Қайд этилишича, Самарқанд, Фарғона шаҳарлари ва Хоразм вилоятининг Хонқа туманида 50 ўринли минтақалараро “хоспис” бўлимини ташкил этишга доир амалий ишлар олиб борилмоқда. Ушбу 3 та минтақалараро “хоспис” бўлимларини ташкил этиш юзасидан муайян ишлар бажарилган ҳолда, мазкур масала Тошкент шаҳрида тўлиқ ўз ечимини топмаган.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссияга маълумот киритишга келишиб олинди.