Россия ҳукумати раиси 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш ҳақида гапирди

ХАЛҚАРО меҳнат ташкилотининг 108-сессиясида Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведев келажакда одатий 5 кунлик иш ҳафтасини 4 кунга қисқартириш ҳақида фикр билдирди. Бош вазир бу қадам меҳнат унумдорлигини сезиларли даражада ошириши, шунингдек, асаблар зўриқиши даражасини пасайтиришига ишонч билдирди.
Медведевнинг айтишича, технологик тараққиёт нафақат иш ўринларини, балки иш вақтини ҳам қисқартириш имконини беради, бироқ, буни салбий ҳолат ҳисобламаслик лозим. Аксинча, иш ҳафтасининг қисқариши нафақат ходимлар, балки иш берувчилар учун ҳам фойдалидир.
Бунга мисол сифатида Дмитрий Медведев Янги Зеландиядаги “Perpetual Guardian” компаниясини мисол сифатида келтириб, ушбу ширкатда тажриба сифатида иш ҳафтаси 4 кунга қисқартирилгани ҳолда, ходимларнинг меҳнат унумдорлиги 20 фоизга ошгани, айни пайтда асабий зўриқиш даражаси сезиларли даражада камайганини таъкидлаган.
Ҳукумат бошлиғи шунингдек, Ҳенри Форднинг иш ҳафтасини 48 соатдан 40 соатга қисқартириш ҳақидаги тарихий қарорини ёдга олиб, бу нафақат Америка, балки бутун жаҳон иқтисодиётига фойда келтирганини эслатиб ўтди.