Палма ёғи импорти нега ошмоқда? У соғлик учун хавфли эмасми?

Фото: Best Food Facts

МАЪЛУМ бўлишича, охирги уч йилда мамлакатимизга ўртача 50 минг тоннадан палма ёғи олиб кирилган, хусусан, жорий йилнинг январ-май ойлари давомида 31 минг тоннадан ортиқ палма ёғи импорт қилинган. Демак, жорий йилнинг ўтган даври давомида палма ёғи импорти ўтган йилларга нисбатан кескин ўсган.
Хўш, палма ёғининг импорт ҳажми нега ошмоқда? У қандай мақсадларда ишлатиляпти? Озиқ-овақт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ишлатилаётган ушбу ёғ инсон саломатлиги учун қанчалик хавфли?
Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан даҳлдор давлат органларига бу борада маълумотлар сўраб сўровлар юборилган ва ўрганишлар олиб борилмоқда.
“Бу каби саволларга тўғри жавоб топиш ва тегишли хулосалар қилиш ўта муҳим масалалардан биридир. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига асосан пальма ёғи инсон саломатлиги учун хавфлилиги тиббиётда аниқланган бўлиб, ҳатто, эркакларнинг бепуштлигини ҳам келтириб чиқариши мумкин экан, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров. – Бугунги кунда, палма ёғини истеъмоли рухсат этилган кўплаб давлатлар билан бир қаторда, унинг истеъмолини таъқиқлаган бир қатор давлатлар ҳам мавжуд. Негаки, техник палма ёғидан асосан ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшилади ва ундан озиқ-овқат маҳсулотлари учун ишлатиш мумкин эмас. Ўзбекистонда ҳам, амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларига асосан болалар озиқ-овқати маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида палма ёғидан фойдаланиш таъқиқланган.
Умуман палма ёғининг ишлатилиши бўйича, унинг инсон организмига таъсири, унинг ижобий ёки салбий хусусиятлари, таркибида пальма ёғи бўлган маҳсулотларнинг турлари, уларнинг ишлатилишини тартибга солишнинг стандартларини такомиллаштириш, бу борада амалиётда учраётган тизимли муаммолар ва соҳада олиб борилаётган ишларнинг ҳолати юзасидан мутасадди идоралар ўз эътиборларини кучайтиришлари мақсадга мувофиқ бўлар эди”.
Депутатнинг таъкидлашича, Қуйи палата депутатлари томонидан олиб борилаётган ўрганишлар натижалари асосида ушбу масалага доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинади.