Тошкентдаги 81 та талаб юқори мактабда янги қабул тизими жорий этилади

ПОЙТАХТИМИЗДАГИ 81 та талаб юқори мактаблардан бошлаб коррупцияни олдини олувчи янги қабул тизими жорий этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги маълум қилди.
Ўрганишлар ва ижтимоий сўров натижаларига кўра ота-оналар томонидан талаб юқори бўлган мактабларга 1-синфга қабул жараёнида коррупция билан боғлиқ қуйидаги салбий ҳолатлар мавжуд эканлиги аниқланди:
биринчидан, мактабга бириктирилган микроҳудуддан ташқаридаги болаларни қабул қилиш учун таниш-билиш қидириш ёки мактаб раҳбариятига ноқонуний тўловни амалга ошириш;
иккинчидан, 7 ёшга тўлмаган болаларни мактабларга жойлаштириш учун таниш-билиш қидириш ёки ноқонуний тўловларни амалга ошириш;
учинчидан, мактабда таълим тилида ўқиб кетишга кўникмаси етарли даражада бўлмаган болаларни беришдаги шу каби салбий ҳолатлар.
Бу каби ҳолатлар оқибатида мактабларда таниш-билишларнинг “қўнғироқ орқали илтимослари” ёки ноқонуний тўловлар натижасида мактаб сиғимига нисбатан кўпроқ ўқувчилар қабул қилиниши ва синфларда болалар сони 40-50 нафаргача ошиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур мактаблардаги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, 7 ёшдан кичик ёки таълим олиб бориладиган тилни билмайдиган ўқувчиларга педагогларнинг кўпроқ куч ва эътибори талаб этилаётганлиги сабабли, бошқа ўқувчиларнинг ўзлаштиришига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Энг ёмони, таниш-билиш ёки юқоридан қўнғироқ қилиб боласини жойлаштириш каби салбий ҳолатлар оқибатида, ўша микроҳудудда яшайдиган аҳолининг фарзандлари бундай талаб юқори бўлган мактабларда ўқиш имкониятидан маҳрум бўлиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Юқоридаги салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат умумтаълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, жорий йилдан бошлаб талаб юқори бўлган мактабларга (ҳозирча Тошкент шаҳридаги 81 та мактаб) қабул Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, ушбу умумтаълим муассасаларига болалар асосий ва қўшимча квота асосида қабул қилинади. Янги қабул тизими босқичма-босқич бошқа вилоятларда ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.