«Алроса”дан олмос ўғирлаганлар ушланди

РОССИЯ Тергов қўмитаси расмийсининг маълум қилишича, қўмита ва ФСБ ходимлари ҳамкорликда ўтказган тадбирда “Алроса”дан умумий баҳоси бир неча миллион долларга тенг бўлган олмос ва бриллиантларни ўғирлаган компания ходимаси ва унинг икки нафар шериги қўлга олинган.
“Алроса” компаниянинг ягона сотув бўлимида тизимли тарзда олмос хомашёси ўғирланиб келингани ва унга чек қўйилганини тасдиқлайди. Тадбир бевосита “Алроса” хавфсизлик хизмати ходимлари иштирокида ўтказилди. Бир неча йил илгари компания коррупция ҳолатлари содир этилишига қарши кураш бошлаган эди. Бу иш давом эттирилади», – дейилади компания хабарида.
ФСБ вакилининг айтишича, компания ходимаси икки нафар ҳамтовоғи билан қиймати 22 млн рублга тенг бўлган навбатдаги олмослар партиясини ўғирлаётган вақтда қўлга олинган. Тергов доирасида ўтказилган тинтув давомида ушланганларнинг уйларидан умумий оғирлиги 2 минг карат бўлган 500 дона ишланмаган табиий олмос ва 11 дона бриллиант топилган. Қимматбаҳо тошларнинг баҳоси 3 млн доллар атрофида экани айтилган. Бундан ташқари, 2 млн доллар, 500 минг евро, шунингдек бриллиантлар билан зеб берилган машҳур компанияларнинг қўл соатлари далилий ашё сифатида олиб қўйилган.
Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.