Ўзбекистонда биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси тасдиқланди

ВАЗИРЛАР Маҳкамаси қарори билан 2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси тасдиқланди.
Ушбу ҳужжатга кўра, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар майдонлари мамлакат ҳудудининг 12 фоизига, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонлаштириш ишлари олиб борилади ва унинг майдони 1,2 млн гектарга етказилади, Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомнигида жайронлар бош сони 1000 га етказилади.
Давлат қўриқхоналаридаги эталон экотизимларда биохилма-хиллик компонентлари учун мониторинг олиб боришнинг марказий бўғинли ягона тизими ишлаб чиқилади. Замонавий геоахборот технологиялари (ГИС–технологиялар) асосида биохилма-хилликнинг давлат мониторинги ва давлат кадастри ягона ахборот маълумотлар базаси ишга туширилади.
Ҳар йили 2 млн гектар майдонда табиий яйловлар ва пичанзорлардаги ўсимликлар геоботаник текширувдан ўтказилади. Биохилма-хилликни сақлаб қолиш масалалари иқтисодиётнинг барча тармоқларига интеграция қилинади.