Малидаги қуролли ҳужумлар оқибатида одамлар ҳалок бўляпти

МАЛИДА этник зиддиятлар ортидан қуролли тўқнашув юз берди. “Reuters” агентлигининг хабар беришича, номаълум жангарилар мамлакатнинг марказий қисмидаги икки қишлоққа ҳужум қилиб маҳаллий аҳолини ўққа тутган. Оқибатда 41 киши қурбон бўлиб, юзлаб одамлар жароҳатланган.
Таъкидланишича, Йоро (24 киши ҳалок бўлган) ва Гангафани (17 киши ҳалок бўлган) қишлоқлари аҳолиси ҳужумга учраган.
«Юзга яқин қуролланган номаълум шахслар мотоциклларда тўсатдан Йорога ҳужум қилиб, маҳаллий аҳолини ўққа тутди. Кейин улар 15 км масофада жойлашган Гангафани қишлоғига йўл олишган», – дейилади хабарда.
Дастлабки тахминларга кўра, ҳужумни уюштиранлар фулани этник гуруҳига мансуб бўлиб, улар нишонга олган аҳоли эса догонлар гуруҳи вакилларидир.
Бундан аввалроқ, 10 июн куни мамлакатнинг марказий қисмида қайд этилган шундай ҳужумлар натижасида юзга яқин одам ҳалок бўлган эди.