Месси — дунёнинг энг кўп ҳақ тўланадиган спортчиси

Фото: Marca

“FORBES” журнали дунёнинг энг кўп ҳақ тўланадиган спортчилари рўйхатини эълон қилди. Рўйхатни Испаниянинг «Барселона» клуби ва футбол бўйича Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионел Месси бошлаб берган.
Журнал келтирган маълумотда айтилишича, Месси ўтган йилнинг июн ойидан жорий йилнинг июн ойига қадар 127 млн доллар ишлаб топишга муваффақ бўлган. Ушбу даврда 109 млн долларга эга бўлган яна бир машҳур футболчи, Туриннинг «Ювентус» жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду рўйхатдан иккинчи ўринни банд этган бўлса, Франциянинг ПСЖ клуби ўйинчиси Неймару 105 млн долларлик даромади билан учинчи ўринни эгаллаган.
Ундан аввалги йилги 285 млн доллар ишлаб, рўйхатни бошлаб берган америкалик боксчи Флойд Мэйуэзер бу гал рўйхатдан жой ололмади.У ирландияли профессионал Конор Макгрегор билан бўлган жангда ғалаба қозонгач, фаолиятини тугатган.