Пала-партиш жинсий ҳаёт инсониятни ҳалокатга етакламоқда

Фото: Klinik Professor Sailer

ЖАҲОН Соғлиқни сақлаш ташкилотининг куни кеча эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, сайёрамизда ҳар куни 15-49 ёш орасида бўлган 1 миллион нафарга яқин инсон жинсий алоқа йўли билан ўтадиган даволаб бўлмас инфекцияларни юқтириб олади. Бунинг оқибатида ҳар йили 376 млн киши хламидиоз, гонорея, трихомониаз ва сифилис каби касалликларга дучор бўлади.
Жумладан, 2016 йилда дунёдаги 15-49 ёш ўртасидаги эркак ва аёлларнинг 127 миллион нафари хламидиоз, 87 миллион нафари гонорея, 6,3 миллион нафари сифилис ҳамда 156 миллион нафари трихомониаз касалини орттириб олган.
Бунинг ортидан миллионлаб инсонларнинг соғлиги хавф остида қолмоқда. Юқоридаги каби юқумли хасталикларнинг вақтида даволамаслик, муолажаларни охиригача етказмаслик туфайли жиддий асоратлар пайдо бўляпти. Асаб, қон-томир, бепуштликка чалиниш, эктопик ҳомиладорлик, ўлик туғилиш каби ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Хусусан, биргина 2016 йилда сифилис туфайли дунёда 200 минг нафар чақалоқ ўлик туғилган.