Ўзбекистон-Корея: ҳамкорлик алоқалари ривожланмоқда

Фото: interpress.uz

БУГУН, 24 июн куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чжэ Квонни қабул қилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмат хабар берди.
Учрашув аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Кан Чжэ Квонни Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлангани билан самимий муборакбод этди.
Мулоқот чоғида элчига мамлакатимиз парламенти, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялари иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.
Таъкидлаш жоиз, икки мамалакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик 1995 йилда бошланган бўлиб, ўша пайтда Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида «Корея – Ўзбекистон» парламент дўстлик ассоциацияси тузилган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида эса, 2005 йилдан буён Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият юритади. Шундай йўналишдаги ҳамкорлик парламентлар ўртасида доимий ишчи алоқаларни сақлаб туриш, тажриба алмашиш, турли тадбирларда иштирок этиш имконини беради.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга келишиб олинди.