Президент мактабларига саралаш босқич имтиҳонлари 26 июнь – 3 июль кунлари бўлиб ўтади

Иллюстратив сурат

МАМЛАКАТИМИЗДАГИ президент мактабларига 1-22 июн кунлари давомида жами 28 446 нафар талабгор ҳужжат топширган. Шундан 9260 таси (32,5%) онлайн, 19 186 нафари (67,5%) эса офлайн усулда, яъни бевосита қабул марказлари орқали ҳужжат топширган.
Онлайн топширилган, аммо белгиланган талабларга жавоб бермаган ва рад этилган ҳужжатлар сони 791 тани ташкил этган бўлса, ота-оналарга таҳрирлашга юборилган, аммо таҳрирланмаган аризалар сони 211 тани ташкил этди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Топширилган умумий 28 446 талабгордан 27 446 таси саралаш босқич имтиҳонидан ўтиш имконига эга бўлишди.
Ҳудудлар бўйича энг кўп – 7 724 та ҳужжат Наманган вилоятидаги Президент мактабига келиб тушган. Қорақалпоғистонда 7 456 та, Хоразмда 6 503 та, Тошкент шаҳрида 5 763 та ҳужжат қабул қилинган.
Энг кўп – 8 727 та ариза 5-синф учун қабул қилинган, энг паст кўрсаткич 10-синфлар орасида – 2 350 та.
Имтиҳонларни давлат (ўзбек) тилида топширувчи ўқувчилар сони 22 051, қорақалпоқ тилида 4 847 нафарни ташкил қилган бўлса, инглиз тилида топширувчилар сони 621 нафарни ташкил этди.
Бир ўринга ўртача рақобат 49 ўқувчини ташкил этган бўлса, энг юқори рақобат 5-синфга топширган талабгорлар ўртасида – 1 ўринга 92 нафар ўқувчини (Наманганда 118 ўқувчи) ташкил этади.
Президент мактабларига топширган талабгорларнинг сони режалаштирилгандан ҳам ошиб кетганлиги сабабли кириш имтиҳонларини ўтказишга масъул чет эллик ташкилот Cambridge assessment – саралаш босқич имтиҳонларини (pre-selection) ўтказилиши лозимлиги маълум қилинди.
Президент мактабларига саралаш босқич имтиҳонлари (pre-selection) қачон ва қаерда бўлиб ўтади?
Президент мактабларига саралаш босқич имтиҳонлари (pre-selection) 2019 йил 26 июн – 3 июл давомида бўлиб ўтади.
Ота-оналар ўқувчилар билан биргаликда 2019 йил 26-27-28 июн кунлари Президент мактаблари саралаш имтиҳонларига тайёргарлик кунлари (orientation day) – саралаш босқич имтиҳонлари бўлиб ўтадиган бинога ташриф буюришади ва имтиҳонга тайёргарлик бўйича барча тегишли маълумотларни олишади.
ОТА-ОНАЛАР ДИҚҚАТИГА!
Қаерга ва қачон ташриф буюришни билиш учун:
СМС хабарни кутинг, маълумотномада тўлдирилган телефон рақамингизга СМС хабар юборилади.
Ушбу СМС хабарни олганингиздан сўнг Президент мактаблари расмий веб-сайти – PM.XTV.UZ орқали ҚАЕРГА ВА ҚАЧОН ташриф буюришингизни билиб олишингиз мумкин бўлади.
Кириш имтиҳонлари тайёргарлик кунига ота-оналар:
ФАҚАТгина PM.XTV.UZ веб-сайтда кўрсатилган манзил, вақт ва кунда келишлари керак;
Ўқувчининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасининг асли (оригинал) билан келишлари шарт.
Президент мактабларига саралаш босқич имтиҳонлари 29-30 июн ва
1-2-3 июл кунлари бўлиб ўтади. Батафсил маълумотларни ота-оналар ва ўқувчиларга (orientation day) 26-27-28 июн давомида хабар берилади.
Саралаш босқич имтиҳонлари (pre-selection) бўлиб ўтадиган бино манзиллари:
Тошкент шаҳрида – Тошкент шаҳри, Ўзкўргазмасавдо масъулияти чекланган жамиятига тегишли бино (манзил: Тошкент ш., Беруний кўчаси, 41-уй);
Урганч шаҳрида – Ёшлик спорт мажмуаси (манзил: Урганч ш., Ёшлик кўчаси, 1 уй);
Наманган шаҳрида – Баркамол авлод спорт мажмуаси (манзил: Наманган ш., Истиқлол кўчаси).
Нукус шаҳрида:
Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби (манзил: Нукус ш., М.Жуманазаров кўчаси, 172-уй) ва Нукус ихтисослаштирилган Олимпия резервлари мактаб-интернати (манзил: Нукус ш., Чимбой гузари, рақамсиз уй);