Собиқ президент Атамбаевдан дахлсизлик мақоми олиб ташланиши мумкин

ҚИРҒИЗИСТОН Бош прокуратураси айблов қўйиш мақсадида собиқ президент Алмазбек Атамбаевдан дахлсизлик мақомини олиб ташлаш борасида депутатлар комиссиясининг хулосасини кўриб чиқишга киришди. Бу ҳақда tnews.uz нашри хабар берди.
Таътилга чиқиш олдидан 26 ва 27 июн кунлари Қирғизистон парламентининг охирги мажлиси бўлиб ўтади. Жоғору Кенеш 20 июн куни айблов қўйиш мақсадида собиқ президент Алмазбек Атамбаевдан дахлсизлик мақомини олиб ташлаш борасида депутатлар комиссиясининг хулосасини қўллаб-қувватлади. «Ҳа» учун 100 депутат овоз берди, беш депутат «қарши» чиқди. Рўйхатдан ҳаммаси бўлиб 105 депутат ўтган эди.
Парламент қарори Бош прокуратурага юборилди, унинг баҳосидан сўнг парламент Атамбаевдан дахлсизлик мақомини олиб ташлаши мумкин.
Жоғору Кенеш Алмазбек Атамбаевга қарши 9 та айблов қўйди, аммо муҳокамалардан сўнг 6 тасини қолдирди, 3 таси Атамбаевнинг президентлик муддатига тааллуқли эмас эди.
Қисқача комиссия айблови ҳақида: депутатлар, судлар, жамоат арбоблари ва ОАВни таъқиб қилиш, жиноий авторитет Азиз Батукаевни қонунга зид равишда озод қилиш, қонунга зид равишда Қой Тош қишлоғида участкага эга бўлиш, бу ерга Атамбаев уй қурган, «Ака Петролеум» ва «АКА Инвест» компанияларига эҳтимолий боғлиқлик, Бишкек ИЭМ модернизациясида коррупция, Бишкек ИЭМга кўмир етказиб берилишида қонунга зид равишда эҳтимолий алоқаси борлиги.
16 май куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков собиқ президентларни жавобгарликка тортиш механизмларини назарда тутган қонунни имзолади Қирғизистон собиқ президенти мақомига Роза Отунбаева ва Алмазбек Атамбаев эга. Инқилоблар туфайли хокимиятдан ағдарилган Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев бу мақомдан маҳрум қилинган.