ЕХҲТ Бош котиби билан учрашув

АХБОРОТ ва оммавий коммуникациялар агентлиги делегацияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Томас Гремингер билан учрашди.
«Мулоқот давомида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб бердик.
Гремингер юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва янгиланишлардан хабардор ҳамда ЕХҲТ бу ислоҳотларга нисбатан юқори баҳо беришини таъкидлади.
У мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг шиддати ва кўламидан ҳайратда экани ва бу жараёнда Агентлик сўз эркинлиги ҳамда ОАВ ривожи йўлидаги ҳаракатлари билан муносиб ҳисса қўшаётганини қайд этди.
Шу билан бирга, ЕХҲТ Бош котиби ўз сўзида журналистлар ҳам сўз масъулияти ва журналистика этикаси ҳамда қонун-қоидаларига риоя этиши лозимлигини таъкидлади.
Томас Гремингер Ўзбекистонда чет эл ахборот ресурсларига кириш имконияти берилганини юқори баҳолади. У юртимиздаги очиқлик сиёсати давом этишига умид билдирар экан, ЕХҲТ барча йўналишда Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлишга тайёр эканини маълум қилди», деб ёзган агентлик раҳбари Комил Алламжонов “Twitter”даги саҳифасида.