Цемент корхоналари атмосферага жиддий зарар келтиряпти. Унинг муқобили борми?

Фото: Framepool

ЦЕМЕНТ атмосфера ҳавосини энг кўп ифлослантирувчи моддалардан бири бўлиб, уни ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган карбонат ангидрид (СО2) миқдори дунёдаги барча юк машиналарининг двигателидан чиқадиган зарарли моддалардан ортиқдир.
Цемент ишлаб чиқарувчилар Европа уюшмасининг маълумотига кўра, бир тонна цемент ишлаб чиқариш жараёнида ярим тонна карбонат ангидрид ҳавога тарқалади. Бу эса, ўрта тоифага мансуб автомобил Андижондан Нукусгача босиб ўтадиган йўл давомида чиқариладиган СО2 дан анча кўпдир.
Дунё аҳамиятига молик бу муаммо Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) ҳамда экология соҳасидаги бир қатор халқаро ташкилотларни жиддий хавотирга солмоқда. ХЭАнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб цемент ишлаб чиқариш ҳажми 12-23 фоизга ўсиши кутиляпти. Бироқ, маҳсулот тайёрлаш миқдори ошиб боргани билан ҳавога чиқарилаётган карбонат ангидрид газини қисқартиришнинг иложи бор. Экспертлар айни пайда мазкур муаммога ечим топиш йўлида бош қотирмоқдалар.
Қайд этиш керак, атмосферага карбонат ангидрид гази чиқарилиши муаммосини ҳал этишда таннарх масаласи асосий тўсиқ бўлиб турибди. Нисбатан “яшил” бўлган цемент тури анъанавийсига нисбатан икки марта қимматга тушиши мумкин. Шимолий Каролина университети тадқиқотчиларининг маълум қилишларича, бир ярд куб (91,44 см) экологик геополимер цемент учун харидор камида 161 доллар тўлашига тўғри келади. Айни пайтда энг кўп ишлатилаётган цементнинг «Портленд» турини эса бугунги кунда 51 долларга харид қилиш мумкин. Мутахассисларнинг ишонтиришларича, геополимер цемент нафақат атмосферага CO2 чиқарилиши муаммосини бартараф этишга ёрдам беради, балки анъанавий цементдан ўта чидамлилиги билан ҳам ажралиб туради.
Лекин, масаланинг бир жиҳати борки, у ҳам бўлса, ишлаб чиқарувчилар атроф-муҳитга зарар етказишни камайтиришга унчалик шошилмаяптилар. Хусусан, “LafargeHolcim” ва “Votorantim Cimentos” каби йирик ишлаб чиқариш компаниялари цементнинг экологик муқобилига ўтиш бўйича ўйлаб кўрганлари ҳам йўқ. Қолаверса, истеъмолчилар ҳам қиммат маҳсулотни харид қилиш истагида эмас. Аниқроғини айтсак, “LafargeHolcim” экологик цемент ишлаб чиқаришни тажриба қилиб кўрган, бироқ таннарх ҳаддан ортиқлиги ва маҳсулот сотилмагани боис, бу борадаги ишларга нуқта қўйилган.
Бугунги кунда кўплаб компаниялар цемент таркибида клинкер миқдорини камайтириш устида иш олиб бормоқдалар. У мазкур қурилиш ашёсининг асосий ўзаги ҳисобланади. Айрим ишлаб чиқарувчилар бўлса, клинкернинг муқобилини топиш йўлини қидиряптилар. Жумладан, баъзи компаниялар клинкерни ўрнига кулни ишлатиш устида иш олиб бормоқда. Ёнилғилар ниҳоясида ҳосил бўладиган мазкур унсур қандай натижа бериши хусусида ҳозирча узил-кесил хулоса мавжуд эмас.
Цементнинг муқобилини яратиш устида жиддий иш олиб бораётган Бразилия яқин йилларда муаммога ечим топса ажаб эмас. Бугунги кунда мамлакатдаги цемент корхоналарида клинкер ўрнига пуццолан ишлатиш борасида тажрибалар ўтказилмоқда. Ушбу қўшимчани қўллаш орқали экологик тоза цемент олиш мумкинлиги мутахассислар томонидан таъкидланяпти. Шу ўринда айтиш керакки, Бразилияда ишлаб чиқарилаётган цемент таркибида клинкер миқдори 70 фоиздан кам бўлгани ҳолда, 2050 йилга бориб бу кўрсаткични 50 фоизга тушириш режалаштирилган.
Хуллас, галактикамиздаги яккаю ягона тириклик манбаи бўлган Она Ердаги табиий муҳитни ифлослантираётган инсоният, шунинг баробарида атроф-муҳит мусаффолигини сақлаб қолишга ҳам уриняпти. Қурилиш саноатида муҳим аҳамиятга эга бўлган цементнинг экология тоза турини яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бу борадаги муҳим қадамдир.