Заҳарли ҳаводан нафас олиш туфайли Хитойда ҳар йили 1 миллионга яқин одам вафот этмоқда

Фото: ekd.me

ЖАҲОН соғлиқни сақлаш ташкилотининг яқинда эълон қилган ҳисоботи ҳар қандай кишида ташвиш уйғотади. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, сайёрамизда яшаётган
инсонларнинг 91 фоизи заҳарли ҳаводан нафас оляпти.

Бу борада энг ёмон вазият Осиё мамлакатлари ва қитъамизда жойлашган шаҳарларда кузатилмоқда. Хусусан, Бангкок, Сеул, Катманду ва Дакка каби пойтахт шаҳарларда охирги ойларда вазият янада ёмонлашган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунёдаги энг зарарли ҳавога эга бўлган 30 та шаҳар ҳам айнан Осиёда жойлашган бўлиб, улардан 22 таси Ҳиндистон, бештаси Хитой, иккитаси Покистон ва биттаси Бангладешдаги шаҳарлардир.
Ташкилотининг таъкидлашича, заҳарли ҳаводан нафас олиш оқибатида ҳар йили дунё бўйича 7 миллион нафар одам бевақт ҳаётдан кўз юммоқда. Вафот этаётганларнинг асосий қисми Осиё-Тинч океани минтақаси аҳолиси ҳиссасига тўғри келяпти. Хусусан, Ҳонконг университети олимларининг тасдиқлашларича, заҳарли ҳаво туфайли биргина Хитойда ҳар йили бир миллионга яқин одам вафот этмоқда.