Селфи олишда ҳалок бўлаётганлар сони жиҳатдан Ҳиндистон дунёда биринчи ўринда бормоқда

Фото: Video Blocks

ОХИРГИ ўн йил давомида сайёрамиз бўйлаб кенг тарқалган селфи “хасталиги” туфайли одамлар акулалар ҳужумига нисбатан беш марта кўпроқ қурбон бўляпти. Аянчлиси, селфимания туфайли ҳаётдан кўз юмаётганлар сони йил сайин кўпайиб бормоқда.
Ҳиндистонда нашр этиладиган “Journal of Family Medecine and Primary Care” журналининг маълум қилишича, 2011-2017 йиллар давомида селфи олиш жараёнида 259 киши ҳалок бўлган. Айни шу даврда эса акулалар ҳужуми туфайли 50 киши вафот этган.
Маълум бўлишича, селфимания “касали”га кўпроқ аёллар чалинади ва селфи олиш билан айнан улар кўпроқ шуғулланадилар. Бироқ, селфи олишга иштиёқманд эркаклар сони уларнинг тўртдан бирини ташкил этса-да, селфи тушиш жараёнида ҳалок бўлганларнинг аксарияти эркаклардир.
Ҳиндистонда мобил телефонга эга бўлган аҳоли сони 800 млн нафарни ташкил этади. Шу сабабданми, мамлакат селфи олиш жараёнида ҳалок бўлганлар сони жиҳатдан дунёда етакчи бўлса, унинг ортидан Россия, АҚШ ва Покистон боряпти.
Селфи туфайли ҳалок бўлганларнинг асосий қисмини ёшлардир. Ҳиндистонда мазкур муаммога қарши курашиш борасида талай чоралар ишлаб чиқилган. Хусусан, айрим шаҳарларда “селфисиз ҳудудлар” ташкил этилган. Биргина Бомбей шаҳрининг ўзида 16 та ҳудудга шундай “мақом” берилган.