Энергетика вазири «ФосАгро» компанияси раҳбариятини қабул қилди

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов ва Россиянинг «ФосАгро» ОАЖ кимё холдинг компанияси савдо ва маркетинг бўйича бош директор ўринбосари Сергей Пронин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров иштирок этди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун «ФосАгро» ОАЖ томонидан ишлаб чиқарилган ўғитларни етказиб беришни ташкил қилишда узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди. Россиянинг кимё холдинг компанияси бошқаруви аъзоси «ФосАгро» ушбу йўналишда яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Қайд этиш керак, «ФосАгро» очиқ турдаги акциядорлик жамияти фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарувчи глобал компаниялардан бири ҳисобланади. Унинг асосий йўналиши фосфоритга асосланган ўғитлар, юқори сифатли (таркибида П2О5 39% ва ундан юқори) фосфат хом ашёси – апатит концентратлари, шунингдек, фосфатлар, азотли ўғитлар ва аммиакларни ишлаб чиқаришга қаратилган.
Учрашув якунига кўра, келгусидаги ҳамкорлик имкониятларини батафсил ўрганиш учун биргаликда ишчи гуруҳ тузиш, шу йилнинг июл ойида «ФосАгро» ОАЖнинг ишчи делегациясини Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.