Беш минг нафар жиззахлик ёшлар иштирокида Олимпия халқаси акс эттирилди

Pinterest иллюстрацияси

БУГУН, 6 июл куни бутун мамлакатимиз бўйлаб Халқаро Олимпия кунига бағишланган умуммиллий спорт мусобақалари ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда.
“Токио сари йўл” шиори остида ўтказилаётган спорт тадбирлари республикамизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам кўтаринки руҳда бошланди. Жумладан, эрта тонгдан 5 минг нафар йигит-қизлар Арнасой туманидаги Айдаркўл ҳавзасига йўл олдилар.
Спорт мусобақалари Айдаркўл ҳавзаси ёнидаги “Наврўз” қўрғони ҳудудида 1,5 километрга марш юриш марафони билан бошланди. Унда тадбир иштирокчиларининг барчаси иштирок этди. Шундан сўнг ёшлар Олимпия халқасининг жонли кўринишини акс эттиришни бошладилар. 100 нафар мураббий ва йўриқчилар, 100 нафар малакали спортчи уларни қўллаб-қувватлаб турдилар. Кўк, қора, сариқ, қизил ва яшил рангдаги футболка ва кепкалар кийиб олган 5 минг нафар йигит-қиз дастлаб қуруқликда Олимпия халқаси шаклини акс эттирдилар.
Сўнгра худди шундай Олимпия халқаси Айдаркўл ҳавзасида номоён бўлди. Минг-минглаб томошабинлар кўз ўнгида жонли Олимпия халқаси вужудга келди ҳамда барчанинг олқишига сазовор бўлди.