Донбасда ДХР жангарилари сафида жанг қилган Ҳожиакбар Шариповнинг жасади Ўзбекистонга юборилди

Фото: ANNA-News

ОАВда тарқалган хабарларга кўра, Донбассда жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмаган ДХР жангарилари сафида Украина Қуролли кучларига қарши жанг олиб борган 32 яшар Ҳожиакбар Шарипов отиб ўлдирилган.
«В контакте»нинг memorial_dnr саҳифасида ёзилишича, 3 июл куни жангда отиб ўлдирилган 32 яшар навоийлик Ҳожиакбар Шариповнинг жасади Ўзбекистонга жўнатилган.
Қайд этилишича, Ҳ.Шарипов олдин ҳам ярадор бўлган. У Украина шарқида уруш бошланган 2014 йилдан буён Донецк жангариларининг “Восток” бригадасида жанг қилган, юк ташувчи машина ва БМП ҳайдовчиси бўлган.

Суратда: vk.com/memorial_dnr саҳифасида Ҳ.Шариповнинг вафоти ҳақида берилган хабар.

ДНРчилар эълон қилган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Ҳ.Шарипов Россиянинг Томск университетини битирган. У жангарилар сафига қўшилишдан ушбу шаҳарда яшаб келган.
Мамлакатимизнинг Украинадаги элчихонаси юртдошларимизга ҳарбий ҳаракатларидан узоқроқ юришни тавсия қилиб, мамлакат Жиноят кодексининг 154-моддасида “ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш” 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини эслатган.