“Андижон” клуби футболчилари нимадан норози?

МАЪЛУМ бўлишича, жамоа ўйинчиларига тўрт ойдан бери иш ҳақи берилмаяпти. Клуб базаси ҳисобланган “Соғлом авлод” стадионининг Голландиядан келтирилган чими эса қовжираб қолган. Бунга сув сепиш ускунасининг ишдан чиққани сабаб бўлган. Мазкур муаммоларни бартараф этишга эса клубнинг ҳисоб-рақамида пул йўқ.
“Тўрт ойдан бери иш ҳақи ҳам, мукофот пули ҳам йўқ. Клубнинг ҳар бир ўйинчига қарзи 6-7 миллион сўмдан ошиб кетган. Бизда ҳам бола-чақа бор, оилани тебратиш керак, текинга тўп тепиб юрган билан қора қозон қайнамайдику”, – дейди “Андижон” жамоаси аъзоларидан бири.
Клубнинг молиявий жиҳатдан мураккаб аҳволга тушганига ҳомийлардан маблағ ажратилиши камайиб кетгани сабаб бўлган. Жамоанинг бош ҳомийси GM Uzbekistan сметага киритилган маблағнинг учдан бирини ҳам бермагани маълум қилинган.
Бугунги кунда «Андижон» мамлакат супер лигасидаги 14 жамоа орасида 13-ўринни банд этиб турибди.