Солиқ маъмурчилигида муҳим ўзгаришлар

Фото: interpress.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан юртимизда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш, солиқ юкини изчил камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ ҳисоботларини тубдан қисқартириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 1 декабрга қадар бухгалтерия ҳисобини амалга ошириш ҳамда солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасида реал вақт режимида маълумотлар алмашиш имконини берадиган, солиқ ҳисоботини топшириш тизими билан интеграция қилинган бухгалтерия ҳисобининг ягона ахборот тизими жорий этилади.
“UzTrans” ягона интерактив ахборот тизими базасида юк ташувчилар томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини (счёт-фактура (инвойс), юк хати ва бошқа ҳужжатларни) рўйхатдан ўтказиш, юк жўнатувчилар ва уни қабул қилиб олувчилар томонидан реал вақт режимида товарлар ҳаракатини мониторинг қилиш мақсадида “Юк ташишлар мониторинги” ахборот платформаси ишлаб чиқилади.
2020 йил 1 январдан бошлаб Ягона ахборот тизимидан фойдаланувчи тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти ушбу дастурий маҳсулотни қўллаган даврида текширилмайди;
юк ташувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан товарнинг кузатув ҳужжатларини Ахборот платформасида мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилади.
Инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш мақсадида “Чекни талаб қил ва совға ютиб ол” оммавий акциялари ўтказилади.