Норвегия денгизида радиация хавфи ортиб бормоқда

Фото: moreman.su

1989 йил 7 апрел куни Норвегия денгизида собиқ Иттифоқнинг энг яхши ва энг қиммат ҳисобланган “Комсомолец” атом сувости кемасида ёнғин юз беради. Кеманинг ўта мустаҳкам титан корпуси ҳам уни қутқара олмади ва совет ҳарбийларининг денгиздаги фахри бўлган машина сув тубига ғарқ бўлди.
Иттифоқ ва Россия сувости флотидаги энг аянчли ҳалокатлардан бири бўлган мазкур фожиа оқибатида 69 экипаж аъзосидан 42 нафари ҳалок бўлди. Ҳукумат аввалига 14 нафар денгизчи ҳалок бўлди, деб жамоатчиликни чалғитишга уринган. Мудофаа вазирлиги ҳалокатга аккумулятор бўлмасида юзага келган ёнғин сабаб бўлганини маълум қилган.
Ҳозирда сувости кемаси қарийб 1,7 км чуқурликдаги денгиз тубида ётибди. Кема ўттиз йилдан буён “уйқу”да бўлса-да, ундан туғиладиган хавф-хатар йил сайин ортиб боряпти. Унинг реакторидан радиофаол моддалар сизиб чиқаётгани илк марта 90-йилларнинг бошида айтилган бўлса, бугунга келиб бу жараён ҳалокатли тус олган.
Хусусан, TV2 канали 9 июлда тарқатган хабарда айтилишича, Норвегия денгизининг “Комсомолец” атом сувости кемаси ғарқ бўлган ҳудудида радиация даражаси 100 минг мартага ортган. Таъкидланишича, ўлчов ишлари чуқур сувостини тадқиқ этишга мўлжалланган Ægir 6000 аппарати томонидан ўтказилган. Норвег ва рус мутахассисларидан иборат жамоа G.O. Sars тадқиқот кемаси орқали ўтказган текширувда радиофаол моддалар сизиб чиқиши кўпайишига сувости кемаси реактори билан ёнма-ён жойлашган ҳаво айлантириш бўлмасида ҳосил бўлган тирқиш сабаб бўлганини аниқлаганлар.