НОН ҚАДРИНИ УНУТИБ ҚЎЙМАДИКМИ?

ПОЙТАХТИМИЗНИНГ қоқ марказига яқин ҳудудда жойлашган мавзелардан бирида ғалати манзарага кўзингиз тушади: пиёдалар учун мўлжалланган йўлак бўйлаб юрсангиз, муюлишда маиший чиқиндихонага дуч келасиз. Ушбу чиқиндихонадан ўтгач эса мактабгача таълим муассасаси билан мактаб бинолари шундоққина ёнма-ён турибди. Айнан чиқиндихонага урғу беришимизнинг боиси шундаки, ҳар куни юзлаб болалар боғча ва мактабга бориш учун йўлакдан келиб муюлишдан ўтишади. Истаймизми-йўқми, улар маиший чиқиндини тур-турига ажратиб солинадиган уч-тўртта махсус идиш ва пешонасига “ХЛЕБ” деб катта-катта ҳарфларда ёзиб қўйилган ёғоч қутига қарашади.
Энди тасаввур қилинг, эрталаб она фарзандини боғчага олиб бораётганда, боласи ундан “Ойи, анави чиқиндихонадаги қутига нега “ХЛЕБ” сўзи ёзилган?”, деб сўраб қолса, қандай жавоб қайтаради? Уйида фарзандига нонни увол қилмасликни уқтириб, кўчада нон бўлаклари шу қутига ташланишини қай йўсинда изоҳлайди?..
Ёхуд мактабга бориб-қайтадиган болаларнинг мурғаб қалбида “Ўқитувчиларимиз нонни эъзозланглар дейишса-да, нонни чиқиндихонага ташлаш мумкин экан. Ана “ХЛЕБ” деб ёзиб қўйилибди” қабилида бир-бирига қарама-қарши фикрлар уйғонмайдими, уйғонади, албатта. Ота-боболаримиз ноннинг ушоғини ҳам увол қилмаган, кўча-кўйда нон бўлагини кўриб қолса, пешонасига суртиб олган бўлса, биз-чи, биз наҳотки нонни чиқиндихонага ташлаш даражасидаги ношукрликка бориб етдик? Бу нима тўқликка шўхликми ёки уволдан қўрқмай қўйдикми?
Ривоят қилишларича, қадим замондан бир бой-бадавлат киши савдо карвонига қўшилиб туя устида келаётган экан. Нон тановул қилибди. Шунда ушоқ пастга тушиб кетибди. Ўша одам туясини чўктириб, нон ушоғини ҳар қанча қидирмасин, топа олмабди. Бундан жуда афсусланибди, надомат кечибди. Нонга ҳурмати баландлигидан унинг ушоғи тушган жойни пахса девор билан ўратиб қўйибди. Шундан кейин бадавлат кишининг бойлиги янада зиёда бўлган экан.
Албатта, бу ривояти замирида ҳам нонни эъзозлаш, унинг ушоғини ҳам увол қилмасликка даъват мужассам. Аждодлари орасида бундай кишилар бўлганига ҳечам шубҳа қилмаймиз.
Бугунги кунда ҳам тўқин-сочинлик даври бўлишига қарамай, дастурхонимизни нонсиз тасаввур қила олмас эканмиз, биринчи навбатда, мана шу бебаҳо неъматга нисбатан меҳр, ҳурмат, қадрлаш туйғуларини янада кучайтиришимиз зарур.
Суюндик МАМИРОВ