Бу иссиқлар нимадан далолат бермоқда?

ШВЕЙЦАРИЯДА чоп этиладиган “Tages-Anzeiger“ нашрининг ёзишича, «Ҳиндистондаги ўта иссиқ ҳаво, тез орада Ернинг айрим ҳудудлари яшашга яроқсиз бўлиб қолишини кўрсатмоқда. Бу эса тадқиқотчиларни қаттиқ ташвишга соляпти».
Мақолада таъкидланишича, одатда, жуда юқори ҳарорат Ҳиндистонда март-июл ойларида кузатилиб, муссон ёмғирлари бошлангунга қадар аста-секин тушиб борган. Аммо, кейинги йилларда ҳавонинг юқори иссиқлигининг давомийлиги сезиларли тарзда узайди. Масалан, 2010 йил давомида 21 та, 2018 йилда эса 484 та иссиқлик тўлқини бутун мамлакат бўйлаб қайд этилган. Ушбу давр мобайнида юқори ҳарорат туфайли 5 мингдан зиёд одам нобуд бўлган.
Жорий йилда эса ҳали ёз поёнига етмасидан юздан зиёд киши иссиқлик қурбони бўлди. Деҳлининг ғарбида жойлашган Чуру шаҳрида термометр 50,6 даражани кўрсатгани, Ҳиндистонда иссиқлик борасидаги рекорд янгиланди, деганидир. Пойтахт Деҳлида ҳам июн ойида ҳарорат 48 даражага қадар кўтарилиб, бунақа ҳодиса шаҳар тарихида деярли кузатилмаганди.
Метеорологлар вазият янада ёмонлашиши ва келажакда ўта иссиқ ҳаво айрим ҳудудларга эмас, балки мунтазам равишда бутун мамлакатга таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлаяптилар. Энг ташвишли башорат шундан иборатки, Ҳиндистоннинг баъзи ҳудудларида иссиқлик шунчалик кучайиши мумкин эканки, натижада бу жойларда инсон омон қолиши гумон экан.
Экологлар сайёрамизда кузатилаётган глобал иқлим ўзгариши борасида иккита тахминни илгари сурмоқдалар: биринчисига кўра, аср охирига келиб, Ер юзасидаги глобал ҳарорат 4,5 даражага кўтарилади; иккинчи тахминга кўра 2,25 даражага ошади. Ана шу ҳолатда ҳам заминимизнинг айрим ҳудудларида бир ярим миллиарддан ортиқ одамнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин экан.