“O‘zbekiston tarixi” телеканали ташкил этилади

Фото: interpress.uz

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги “O‘zbekiston tarixi” телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжат билан 2019 йил 1 сентябрдан “O‘zbekiston tarixi” телеканали ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари этиб:
минг йиллар қаърига илдиз отган Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ғоят катта илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, шунингдек, чет эл жамоатчилигиникенг кўламда хабардор қилиш;
ҳар бир воқеанинг мазмун-моҳиятини изчил ва тизимли очиб бериш орқали буюк тарихимизнинг барча даврларини чуқур илмий тадқиқотларнинг холисона натижалари асосида кўрсатиб берувчи ахборот-таҳлилий ва мавзули телекўрсатувлар, ток-шоу, “давра суҳбатлари”ни юқори профессионал ва ғоявий-бадиий савияда тайёрлашни ташкиллаштириш;
буюк ватандошларимиз – олимлар, мутафаккирлар ва азиз-авлиёлар, шоир ва ёзувчилар, саркардалар, давлат арбобларининг бебаҳо меросини кенг кўламда ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида уларнинг ҳаёт йўли ва қаҳрамонлиги тўғрисида, шунингдек, дунё аҳамиятига эга бўлган Ўзбекистон энг янги тарихининг ғоят ёрқин ва унутилмас саҳифалари ҳақида ҳикоя қилувчи илмий-оммабоп дастурлар ва ҳужжатли фильмлар туркумларини яратиш каби қатор масалалар белгилаб берилган.
Телеканал Ўзбекистон МТРКнинг “O‘zbekiston” телерадиоканали” давлат унитар корхонаси қошидаги “UzHD” телеканали негизида юридик шахс ташкил этмасдан HD форматида ташкил этилади.