“Bloomberg”: Путин 2024 йилдан сўнг ҳам Бош вазир лавозимида ҳокимиятда қолади

Фото: mtdata.ru

ТЕЛЕКАНАЛНИНГ маълум қилишича, Кремл 2021 йилгача сайлов тўғрисидаги мамлакат қонунчилигига ўзгартиш киритишни режалаштиряпти. Бундан мақсад – 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловидан сўнг ҳам амалдаги давлат раҳбари Владимир Путинни Бош вазир сифатида ҳокимиятда қолишини таъминлашдир.
Тахминга кўра, Бош вазир лавозимини эгаллайдиган Путиннинг ваколатлари «президент ваколатларига зарар етказиш ҳисобидан кенгайтирилади». Бунинг учун парламентнинг розилиги керак бўлади ва айни пайтдаги «Единая Россия»нинг мавқеи тушиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, режалаштирилган мақсадни амалга ошириш осон кечмайди.
Шу боисдан назоратни ушлаб туриш учун амалдаги қонунчиликка ўзгартиш киритилиши, унга кўра партиядан депутатларнинг миқдори 50 фоиздан 25 фоизга туширилиши, қолган 75 фоиз депутатлар эса ҳудудий округлардан сайланиши кўзда тутиляпти. Натижада, В.Путин президентлик ваколати тугагунига қадар Давлат думаси устидан назоратни сақлаб туради.
«Единая Россия» партиясининг Кремлга яқин бўлган юқори мартабали икки аъзоси “Bloomberg” мухбири билан бўлган суҳбатда ушбу сценарийни тасдиқлаб, бу режа жаноб Путинни 2024 йилдан сўнг ҳам ҳокимиятда қолишини кафолатлашини маълум қилганлар.