Кема ҳалокати натижасида 82 нафар муҳожир ҳалок бўлди

Фото: EPA/UPG

БОРТИДА 86 нафар муҳожир бўлган кема 4 июл куни ҳалокатга учради ва атиги тўрт кишининг ҳаёти қутқариб қолишга муваффақ бўлинган.
Денгизда ҳалок бўлган муҳожирларнинг жасадлари Тунис қирғоқлари яқинида топилди. Бу ҳақда халқаро Қизил ой жамиятининг Тунисдаги ваколатхонасига таяниб “Reuters” агентлиги хабар берди.
Ҳафта давомида олиб борилган қутқарув-қидирув ишлари натижасида 82 кишининг жасади топилган ва қирғоққа олиб чиқилган. Кема ҳалокатга учраган пайтда ундан унча узоқда бўлмаган тунислик балиқчилар ўз қайиқларида тўрт кишини қутқаришга муваффақ бўлганлар. Улардан бири касалхонада вафот этган.