Янги Зеландияда аҳолидан қурол сотиб олиняпти

Фото: stuff.co.nz

ҲУКУМАТ қарорига биноан, қуролларини полицияга топширган шахсларга сотиб олинган нархнинг 95 фоизи миқдорида пул берилмоқда. Шунинг билан бирга, ноқонуний тарзда қурол сақлаган фуқароларга нисбатан амнистия эълон қилинган.
Янги Зеландия ҳукумати Крайстчерч шаҳрида содир этилган терактдан сўнг илк марта аҳолидан қурол сотиб олишга киришди. Айни пайтгача 169 киши баҳоси тахминан 260 минг евро бўлган 224 дона ўқ отар қурол ва уларнинг бутловчи қисмларини полицияга топширган.
Қайд этилишича, бу борадаги тадбирлар жорий йилнинг 20 декабрига қадар давом этади ва мамлакат ҳукумати фуқароларнинг қўлида сақланаётган қурол-аслаҳаларни сотиб олиш учун 121 млн евро ажратган. Товон пули фақат қонуний тарзда қурол сотиб олган шахсларга берилади. Ноқонуний равишда қуролга эгалик қилганларга эса амнистия қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 15 мартда Крайстчерч шаҳридаги иккита масжидда содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида 51 киши қурбон бўлганди. Ҳужумни уюштирганликда австралиялик 28 ёшли Брентон Таррант гумонланиб, ҳибсга олинган. Унинг айби судда тасдиқланса, умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилади. Суд мажлиси 2020 йилнинг май ойида бошланиши маълум қилинган.