Бугунги Озарбайжон Ҳайдар Алиевдан халқига қолган энг буюк ёдгорликдир

Фото: president.az

14 ИЮЛ куни дунёга машҳур сиёсатчи ва замонавий Озарбайжон Республикасининг асосчиси Ҳайдар Алиев сиёсий ҳокимиятга келганига 50 йил тўлди.
Орадан йиллар ўтгани сари, озар халқи ярим аср олдин, яъни 1969 йилнинг 14 июлида Озарбайжонга раҳбар этиб тайинланган ва кўп ўтмай уни СССРнинг хом ашё базасидан тараққий этган мамлакатга айлантиришга муваффақ бўлган Ҳайдар Алиев шахсияти ва Ватан олдидаги хизматларининг аҳамиятини янада яққол ҳис этмоқда. Озарбайжон мустақилликка эришганидан сўнг ҳам миллат етакчиси бу ҳолатни сақлаб қолиш ва кучайтириш баробарида, мамлакат пароканда бўлиб кетишнинг олдини олди.

1969 йил 14 июлда Ҳайдар Алиев республика раҳбари этиб тайинланганда, унинг олдида ўтмишдошлари бажара олмаган кенг миқёсдаги мураккаб вазифалар кўндаланг турарди. Булар иқтисодиётни тубдан ўзгартириб, уни иттифоқдаги илғор республикалар қаторига олиб чиқиш, замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган саноатни яратиш, қишлоқ хўжалигини юксалтириш, Бокунинг дунёдаги энг чиройли ва обод шаҳар сифатидаги шуҳратини қайтариш, қишлоқларни обод этиш, Озорбайжон халқининг ижтимоий, маданий ва маърифий даражасини юксалтириш, хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа вазифалардан иборат эди.
Ҳайдар Алиев бу ишларни ажойиб тарзда уддалади. Миллатнинг буюк етакчиси республика раҳбари сифатида иш бошлаган даврда Озарбайжон иттифоқдаги энг қолоқ республикалардан бири саналарди. Қисқа вақт ичида республика иқтисодиёти иттифоқ бўйича ривожланишнинг ўрта даражасидан ўзиб кетди. Хусусан, 1969-1982 йилларда аҳолининг даромади – 2,6 марта, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 2,7 марта, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш – 2,3 марта ўсди. 249 та янги саноат корхоналари ташкил этилиб, уларда 813 минг янги иш ўрни яратилди. Аҳолининг яшаш тарзи анча яхшиланди. Шу билан бирга, республиканинг илмий-техник салоҳияти ҳам мустаҳкамланиб, 265 нафар фан доктори, 3141 нафар фан номзоди тайёрланди. 80-йилларга келибоқ, иттифоқнинг энг нуфузли олий ўқув юртларида таълим олаётган озарбайжонлик ёшларнинг сони ҳар йили 1000-1400 нафарга етди. Ҳар йили 800-1000 нафар озарбайжонликлар иттифоқнинг энг яхши ҳарбий билим юртларига ўқишга кира бошладилар.

Бир сўз билан айтганда, Ҳайдар Алиевнинг пухта ва узоқни кўзлаб давлатни бошқариши натижасида Ожарбайжон ўзини мустақил бошқарадиган ва дотацияга эҳтиёж сезмайдиган иккита республикадан бирига айланди.
Вақти-соати етиб, Озарбайжон яна мустақилликка эришди. 1993 йилнинг май-июн ойларидаги ҳукумат бошқарувидаги инқироз туфайли Озарбайжон мустақиллигини бой бериш ва фуқаролик уруши ёқасига келиб қолганди. Озарбайжон халқи давлат тепасига Ҳайдар Алиевни қайтаришни талаб қила бошлади. У Озарбайжон Олий Кенгаши раиси этиб сайланди.
Тажрибали ва узоқни кўра оладиган раҳбар сиёсий ҳокимиятга қайтиши билан мамлакатни сиёсий ва иқтисодий инқироздан, хаос ва анархиядан, парчаланиш ва фўқ қилинишдан, фуқаролар урушидан сақлаб қолди.
1996 йилдан бошлаб Озарбайжонда яна юксалиш даври бошланди. Жумладан, 1996-2003 йилларда барча макроиқтисодий кўрсаткичлар 2-3 баробарга ошди. Мамлакатда 3000 янги саноат корхоналари яратилди. 1993-2003 йиллар мобайнида Озарбайжон иқтисодиётига 20 миллиард доллар миқдорида сармоя киритилди. Бу даврда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 22,3 марта ошди. Ислоҳотлар жараёни жамиятининг барча жабҳаларини қамраб олди, мамлакатнинг жаҳмо ҳамжамиятидаги обрў-эътибори ҳам юксалишда давом этаверди.

Ҳайдар Алиевнинг оқилона сиёсат юритиши туфайли мамлакатда турли маданият ва эътиқодлар ўртасида зиддиятлар кузатилмади, толерантлик эса бугунги кунда ҳам республиканинг энг муҳим қадриятларидан бири бўлиб қолмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, буюк раҳбар бошқаруви даврида Озарбайжон тараққи ёт пиллапояларидан тез кўтарилди. Айнан унинг доно сиёсати натижасида мамлакат мустақиллиги сақлаб қолинди ва мустаҳкамланди, республика ривожланиш йўлига ўтиб, у халқаро майдонда эътироф этилди.
Буюк сиёсатчининг муносиб издоши – президент Илҳом Алиев бошланган ишларни давом эттириб, мамлакатни минтақанинг етакчисига айлантирди. Шунинг баробарида, Озарбайжоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтирди.