Имон Адлияни алдаган экан…

Фото: kp.ru

“ЗАНГИОТА туманидаги 21-сонли Жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш мақсадида қизи Имон Каримова билан 2019 йилнинг 7 июль кунидан 10 июль кунига қадар узоқ муддатли учрашув берилган.
Учрашувдан сўнгги фикр ва таассуротларини ўрганиш мақсадида Имон Каримова билан суҳбат ўтказилганда, у онаси Гулнора Каримованинг айни пайтда соғлигидан шикояти йўқлигини, зарур ҳолларда муассаса тиббиёт бўлими ходимлари томонидан ўз вақтида алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, онасига нисбатан Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳеч қандай босим ўтказилмаётганлигини билдирди.
Г.Каримованинг жазони ижро этиш колониясидаги ҳолати юзасидан интернет тармоқларида нашр этилган материаллар ҳақида Имон Каримовадан сўралганда, ҳақиқатан ҳам “Instagram”даги “iman.k17” саҳифаси унга тегишли эканлигини, аммо онаси Г.Каримова билан боғлиқ материаллар ушбу саҳифага бошқа шахслар томонидан тайёрланишини маълум қилди”.
Шу каби чиқишлар Адлия, ИИВ вазирликлари сайтларида, ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Уларнинг барчасида Г.Каримованинг қизи – Имон Каримованинг юқоридаги сўзлари келтирилган. Аммо… афтидан Имон адлия ходимларини алдаганга ўхшайди ёки бошқа бир мақсадни кўзламоқда. Нега деганда, у онаси билан учрашганидан сўнг бир-икки кун ўтмай, “Instagram” орқали чиқиш қилди. Унда адлия ходимлари билан суҳбатда уларга ёлғон гапирганини тан олган. Бундан кўринадики, “Instagram”даги саҳифасини Имоннинг ўзи юритади ва материалларни ўзи жойлаштиради. Кейин эса мамлакат президентига мурожаат билан чиққан.
Имон Каримова мурожаатида айтишича, қамоқ жазосини ўтаётган онаси Гулнора Каримовага ички тартибни бузганлик айблови қўйилган. Бундан ташқари, онасига нисбатан янгидан жиноят иши очиш ҳаракатлари бўлаётганини билдирган.
Имон Каримова онасига нисбатан бўлаётган бу каби ҳолатларни Швейцария томонидан Гулнора Каримованинг пулларини Ўзбекистонга қайтаришни тўхтатиб қўйилишига сабаб бўлган асосий омил сифатида тасвирлайди.
«Бугун онамни кўрдим. Ҳар куни ишемия ( бирор аъзо ëки тўқималарга қон етишмаслиги – таҳр.) хуружи бўлаяпти. Айниқса¸ гипертоник криз (қон босимининг тўсатдан кўтарилиб кетиши – таҳр.) ортидан пролактин кескин кўтарилиб кетди¸ бу эса мияда гипофиз ўсмасига олиб келади», дейилади унинг хатида.
Онасининг оғир аҳволда эканини тасвирлаган Имон Каримова¸ Мирзиëевдан зудлик билан операцияга муҳтож онасини озодликка чиқаришни сўраган.