Осмон ости мамлакати хабарлари

Инсон соч толаси қалинлигининг учдан бирига тенг чип яратилди
ХИТОЙЛИК олимлар инсон соч толасидан ҳам ингичка бўлган икки хил ултраюпқа чип яратишга муваффақ бўлдилар.
Эгилувчан чипларнинг қалинлиги 25 микрометрга тенг бўлиб, одам соч толаси қалинлигининг учдан бирини ташкил этади.
Янги чиплар аналог тўлқинларни қабул қилиш ва симсиз алоқа тури бўлган Bluetooth билан боғланиш имкониятини беради. Цинхуа университети профессори, тадқиқотлар ва ишланмалар илмий гуруҳи раҳбари Фэн Сюэнинг таъкидлашича, мазкур чипларни органик ва ноорганик моддалар ичига ўрнатиш мумкин. Бундан ташқари, янги чиплар рақамли тиббиётда, сунъий идрок технологияларида кенг қўлланилади.
Янги чиплар 13 июлда Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Мослашувчан электроника 2-халқаро конференцияси доирасида намойиш этилди. Тадбирда 600 га яқин маҳаллий ва хорижлик экспертлар иштирок этган.

Кучли ёмғир туфайли 360 минг киши жабрланди
12 июл куни Гуанси-Чжуан автоном ҳудудининг шимоли ва марказий қисмида ёққан кучли ёмғир туфайли 44 та дарё ирмоқларида сув сатҳи ҳаддан ортиқ кўтарилиб кетиши талофатларга сабаб бўлди. Хусусан, ҳудуддаги аҳоли пунктларининг кўчалари ва экин майдонлари сув остида қолди, айрим тураржой бинолари, йўллар вайрон бўлди, электр таъминоти ва алоқа издан чиқди.
Табиий офат туфайли қутқарув хизматлари оёққа туриб, аҳолини шошилинч тарзда қутқаришга ва эвакуация қилишга киришган. Маълум қилинишича, автоном ҳудуднинг 25 та уезди 4 та шаҳар округида яшовчи тахминан 360 мингдан ортиқ аҳоли селдан жабрланган. Бундан ташқари, кўплаб иношоот ва тураржой биноларига, 35408,6 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонига зарар етган.
Айрим автомобил йўлларига шикаст етгани учун қатновлар тўхтатилган. Мисол учун, 12 та ҳудуддаги маҳаллий аҳамиятга эга 4 та автомагистралда, 19 та ҳудуддаги вилоят аҳамиятига эга 9 та автомобил йўлида ҳаракат тўхтатилиб, 1365 та автобус ва жамоат транспорти қатнови бекор қилинган.

Хитойда биринчи қудратли юк машинаси конвейрдан чиқди
ХИТОЙ шимолидаги Шанси вилоятининг Датун шаҳридаги конвейрдан юк кўтариш қуввати ўта юқори бўлган электр механик трансмиссияли биринчи юк машинаси чиқди.
Мамлакатдаги локомотив қурилиш корпорацияси – CRRCнинг шўъба корхонаси – CRRC Datong Со. Ltd томонидан ишланган юк автомобили 240 тонна тоғ жинсларини ташиш имконига эга. Ушбу қудратли техникадан фойдали қазилма конларидаги жинсларни ташишда ва йирик гидротехник иншоотлар қурилишида фойдаланиш кўзда тутилган.
Баҳайбат юк машинаси 57 км/с тезликда ҳаракатланади. Муҳим бутловчи қисмлари CRRC Datong Со Ltd ширкатининг ўзида тайёрланган мазкур юк автомобили юқори энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради ва у ҳам сиқилган газда, ҳам дизел ёқилғисида ишлаши мумкин.
Абдувоҳид Ачилов